Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:20

Шартнома имзолаш йилнинг иккинчи ярмига қолди


Россиянинг “Газпром” ширкати ҳамда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси шу йилнинг иккинчи ярмида Устюртдаги газ конларини ўзлаштириш бўйича маҳсулот тақсимотига оид битимни имзолайди.

Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги “Ўзбекнефтгаз”даги ишончли манбага таянган ҳолда хабар берди.

Ушбу манбанинг билдиришича, “Газпром” томонидан тайëрланган битим лойиҳаси “Ўзбекнефтгаз” раҳбариятига тақдим этилган ва яқин вақт ичида Ўзбекистондаги махсус комиссия уни кўриб чиқади.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” ва “Газпром”нинг Устюртдаги газ конларини ўзлаштириш бўйича 25 йилга мўлжалланган шартномани ҳам имзолаши кутилмоқда.

Бу икки компаниянинг Устюртда олиб борадиган ишлари бўйича келишувнинг 2006 йилнинг биринчи ярмида имзоланиши кутилаëтган эди, аммо баъзи сабабларга кўра бу сал кейинроққа қолдирилгани айтилади.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан “Газпром” компаниясидан маълумот олмоқчи бўлди, бироқ улар маълумот бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

“Газпром” Ўзбекистон ҳукумати билан узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади. 2002 йил декабрда “Газпром” ва “Ўзбекнефтгаз” ўртасида газ соҳасидаги стратегик ҳамкорлик ҳақида келишув имзоланган эди.

Жорий йил январда томонлар ўртасида олиб борилган музокараларда газ соҳасида иккита ҳужжат имзоланган эди. Уларнинг бири “Устюрт минтақасидаги Урга, Қувонч ва Оқчалоқ конларини ишга тушириш тўғрисидаги битимнинг асосий тамойил ва низомларига доир шартнома“, иккинчиси “Устюрт минтақасидаги сармоявий блоклар ҳудудларида геологик тадқиқотлар ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳақидаги шартнома“дир.

Бир муддат аввал “Газпром” раҳбари Алексей Миллер президент Ислом Каримов билан 2006 йилда компанияга 9 миллиард куб метр газ сотиш, газнинг ҳар минг куб метри 60 доллардан бўлиши тўғрисидаги шартномани имзолаган эди.

“Газпром” Ўзбекистон ҳукумати ва “Ўзбекнефтгаз” компанияси билан газ конларидан фойдаланиш ва янгиларини аниқлаш тўғрисида икки шартнома имзолади. Бу шартномалар “Газпром”га Ўзбекистондан газ импортини уч баробар ошириш имконини беради.

Шартномалар “Газпром”нинг топилган ва топилажак конларга эгалик қилиш тамойилларини белгилаб беради.

Ўзбекистонлик иқтисодчи талаба Дилшодбек Ўзбекистон ҳукуматининг “Газпром” билан бўлаётган ҳамкорликларига ижобий баҳо беради.

“Газ қувурларининг аксарияти Россия ҳудудидан ўтган. Шунинг учун “Газпром” билан ҳамкорлик қилмасдан бошқа илож йўқ. Бундан ташқари¸ Россияга қарашли бу ширкат Ўзбекистонга газ экспорти соҳасида жуда кўп ëрдам беряпти. Айниқса, газни узатиш соҳасида. Ҳозир бу ҳамкорлик ўз натижаларини бермаëтган бўлиши мумкин, аммо келажакда, албатта, бунинг фойдаси кўрилади”, - дейди иқтисодчи талаба.

Дилшодбек Россия Ўзбекистондан минг куб метр газни 60 долларга сотиб олиб, уни Европага тўрт баравар қимматга сотаётгани сабабларини изоҳлаб беришга ҳам уринди.

“Бу иқтисодий шароитдан келиб чиқилган ҳодиса. Сабаби, олдин тузилган шартномалар асосида иш олиб борилмоқда. Қолаверса, Россия Ўзбекистон газини Европага олиб сотиш учун замонавий транспорт йўлларини қурган. Бунинг учун анчагина сармоя ëтқизилган. Албатта, Россия ўша пулларни чиқариб, фойда ҳам олиши керак”, - деди Дилшодбек.

2006-2008 йилларда Устюртдаги геология-разведка ишлари ва ҳудудларни ўзлаштириш ишларига “Газпром” 260 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда.

Устюрт лойиҳаси бўйича жами 1,5 миллиард доллар миқдорида сармоя ëтқизилиши кутиляпти.

Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича МДҲда иккинчи ўринда туради, дунёда биринчи ўнликка киради.
XS
SM
MD
LG