Линклар

ЕИ Марказий Осиё билан муносабатларни яхшилашда Россияга таянади

  • Озодлик

Айни пайтда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Финляндия ҳукумати тузилма ташқи сиёсатининг устивор йўналишларидан бири Россия, Украина ва Туркия билан алоқаларни яхшилашга қаратилганини билдирди.

Финляндия ташқи ишлар вазири Эркки Туомайожанинг таъкидлашича, Шарқий Европа давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ЕИнинг муҳим вазифалардан биридир.

“Катта саккизлик” мамлакатларининг шу ҳафта охирида Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган саммитида ЕИ раиси Финляндиянинг Кремль билан энергетика воситалари, савдо, инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасидаги муаммоларни тилга олиши кутилмоқда.

Шу йилнинг кузида ЕИ Россия билан дўстлик муносабатлари ҳақидаги келаси йилда якунига етадиган келишувларни узайтириш борасида музокаралар бошлайди.

ЕИнинг энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ вазият ҳамда Украина, Беларус, Молдова, Кавказорти ва Марказий Осиë давлатлари билан муносабатларни яхшилашида Россиянинг ҳал қилувчи омил экани айтилади.

“Россия ëки бошқа мамлакатлар билан алоқаларимизда савдо манфаатлари демократия ëки инсон ҳуқуқлари масалаларидан устун келмайди. Бу соҳаларни бир-бири билан аралаштирмаслик лозим ва ҳар бир давлатга нисбатан бир хил позиция бўлмоғи шарт”, - дейди Финляндия ташқи ишлар вазири Э.Туомайожа.

Хелсинки ҳукумати ЕИга раислик қила бошлаганидан буён Болтиқбўйи мамлакатлари, Полша ва Финляндия мулозимлари Э.Туомайожадан Москва билан музокаралар олиб бораëтганда қатъий позициясига эга бўлишни ҳамда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор беришни сўрамоқда.

Э.Туомайожа Финландиянинг ЕИга раислик даврида Марказий Осиë давлатлари билан энергетика воситалари борасида тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилишини айтаётир.

“Биз Марказий Осиë давлатларига нисбатан кенг қамровли стратегиямизни ишлаб чиқишни бошлаш ниятидамиз ва бу борадаги муҳокамани биз ЕИга раислик қиладиган даврда бошламоқчимиз”, - деди Э.Туомайожа

Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб, хусусан, ЕИ билан Ўзбекистон алоқалари анча совуқлашган эди. Шунга қарамай, сўнгги пайтларда Германия расмийлари Тошкентда тез-тез меҳмон бўлиб турганини кўриш мумкин.
XS
SM
MD
LG