Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:38

Хитойликлар Ўшда бозор очди


Абдуллоҳ Эргаш 12 июль куни Ўш шаҳрига Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманидан 250 ишбилармондан иборат делегация келди. Шу куни Ўшда Қирғизистон-Хитой қўшма бозори ҳам очилди.

Пиджакларига қизил атиргул танғиб олган хитойлик ишбилармонлар Ўшдаги саноат корхоналари билан иқтисодий шартномалар тузиш, сармоя ётқизиш истагида эканини билдирди. Бу делегациянинг Ўшга келишини байрамга айлантирган ҳодиса эса Қирғизистон-Хитой қўшма бозорининг очилиши бўлди.

Ўш вилояти губернатори Жонтўра Сотволдиев бозорни очишдан асосий мақсад “Фарғона водийсида тинчлик ва биродарлик рамзи бўлган савдо-содиқни ривожлантириш” эканини таъкидлади.

Хитойнинг Қашқар округи губернатори ўринбосари Жу Ли эса: “Бу ердан туриб биз Осиёдаги саккиз давлатни Хитой маҳсулотлари билан таъминламоқчимиз. Қирғизистон бунинг учун қулай мамлакатдир”, - деди.

Марказий Осиёдаги энг катта Қорасув бозори ҳам Ўш вилояти ҳудудида жойлашган. Бу ерда савдо қилувчи ўн беш минг савдогардан камида мингтаси хитойликдир. Қорасувлик тижоратчилар бирлашмаси хитойлик савдогарлар келиши билан маҳаллий ишбилармонларнинг кўплари синганини даъво қилиб, Қирғизистон ҳукуматидан ўзларининг иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилинишини талаб этиб келяпти.

Қорасув бозорига рақобатчи бўлиши кутилаётган янги бозор бу қарама-қаршиликни янада кучайтирмайдими? Бундай ҳолатда қирғиз ҳукумати қандай чоралар кўради?

“Озодлик” мухбирининг бу саволларига Ўш вилояти губерантори Ж.Сотволдиев: “Маҳаллий ишбилармонлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўлса, албатта, уларни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин олибсотарликни қандай ҳимоя қиламиз? Биз ўз халқимизни арзон маҳсулот билан таъминлашни истаймиз. Шунинг учун маҳаллий тижоратчиларимиз бозор иқтисоди талаби бўлган рақобатга тайёр туриши лозим”, - дея жавоб қайтарди.

Янги очилган бозорда хитойлик савдогарлар саноат, маиший техника воситаларидан тортиб, паловни хуштаъм қиладиган зирагача сотмоқда. Қизиқувчилар учун маълумот - зиранинг бир килоси 90 сом, яъни салкам 2,5 доллар сотиляпти. Қолган маҳсулотларнинг ҳам нархи бошқа бозорларга қараганда анча арзон. Бозорга харид учун келганлар бундан хурсанд. Лекин уларни ташвишга солган нарса ҳам бор.

“Ўзимизникилар маҳсулотни 12 сомдан сотаётган бир пайтда хитойлар ўша маҳсулотни ўн сомдан сотса, албатта, тижоратчиларимизга қийин бўлади, биров улардан харид қилмай қўяди. Шундан кейин жанжал чиқади. Хитойларнинг келгани яхши. Лекин улар бизни маҳсулот билан таъминлаши керак холос, биз эса сотишимиз керак. Савдога хитойликлар эмас, биз хўжайин бўлишимиз зарур”, - дейди бозорга келган харидорлардан бири.

Бошқа бир харидор аёл эса бозорда тартиб-интизом йўқлигидан шикоят қилади.

“Бозорга вақт ажратиб, йўлкира сарфлаб келдик. Бу ерда эса тўс - тўполон, бола-чақалар тепаланди бўлиб кетай деди. Сал тартиб ўрнатилса, яхши бўларди”, - дейди аёл.

Қирғиз газеталари эса Қирғизистон-Хитой иқтисодий муносабатлари кейинги бир йил ичида анча ривожлангани ҳақида ёзмоқда. Масалан, Хитой томони Қирғизистон жанубига бир неча йирик саноат корхоналари қуряпти. Шунингдек, Хитой қирғизистонлик деҳқонлар учун 1200 та трактор совға қилди. Бу тракторлардан 350 таси шу кунларда Қирғизистонга етиб келди.
XS
SM
MD
LG