Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:42

Ўзи Путиннинг адаши, иши қандай бўларкин...


Шу пайтгача Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчиси вазифасида ишлаб келган Владимир Норов мамлакат президенти фармони билан ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланди.

Президент ташқи ишлар вазири ва бош вазир ўринбосари лавозимини бир ярим йилдан сал кўпроқ муддат эгаллаб турган Элёр Ғаниевни яна эски ишига - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги раҳбарлигига қайтарди.

В.Норов 2004 йил декабрь ойига қадар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида хизмат қилган ва ўшанда ўзини бир қадар ташаббускор сиёсатчи сифатида намоён қилган эди.

Э.Ғаниевга келсак, вазирлик мулозимлари ва дипломатлари унинг журъатсиз бошқарув усулидан қониқмай келгани маълум.

Ташқи ишлар вазирлиги мазкур муддат давомида Ўзбекистон ва унинг ташқарисида содир бўлаётган воқеалар юзасидан изоҳ беришдан аксар ҳолларда бош тортиб келди. Ўзбекистон ҳукуматининг энг долзарб масалалар борасидаги муносабатини дунё жамоатчилигига билдирилмади.

Ташқи ишлар вазирлигининг ўз исмини ошкор этмаган ходими В.Норовнинг вазир этиб тайинланиши мазкур идорада кўтаринки кайфият билан қарши олинганини билдирди.

“Бундан буён Ташқи ишлар вазирлиги Э.Ғаниевдан аввалги маромда ишлай бошлашига умид қиламан”, - деди у.

Оқсарой Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳакамасига раҳбарлик масъулиятини Владимир Норов зиммасига юклашдан қандай мақсадни кўзлаган? Жаноб Норов ким?

Асли Бухородан бўлган Владимир Норов 14 йил аввал президент девонида ҳуқуқий масалалар бўйича мутахассис сифатида ишга киришдан олдин ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилган. У 1995 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимларида ишлаб келяпти, Германия ва Бельгияда элчи вазифасини ўтаган.

“В.Норов малакали дипломат бўлиб, ҳам Ташқи ишлар вазирлигида, ҳам Ўзбекистон ташқарисида ишлаш бўйича катта тажрибага эга,- дейди Ўзбекистондаги кадрлар алмашинуви масаласига оид кўплаб мақолалар муаллифи Сергей Ежков. - Унинг исми Владимир экани Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш контекстида муҳим жиҳат, деб ўйлайман. Владимир исмли одам Ўзбекистоннинг ташқи ишлар вазири бўлиши Россияга қилинган яна бир ишорадир”.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, Владимир Норовнинг ташқи ишлар вазири лавозимига келиши мувоффақиятсиз ташқи сиёсатни жонлаштириш мақсади билан изоҳланиши мумкин.

Айрим сиёсатшунослар сўзларига кўра, В.Норов президент И.Каримовнинг Россияга мойил сиёсатини давом эттириш баробарида Европа билан ҳам алоқаларни сақлаб қолишга қаратилган сиёсатни амалга оширишга ҳаракат қилади.


Инглиз ва немис тилларида сўзлашадиган В.Норов Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатини шиддат билан ҳимоя қилар экан, халқаро ташкилотлар вакиллари ва хориж журналистлари билан баҳслаша олар эди.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Галима Бухорбоева В.Норов билан ана шундай баҳсларни қилган журналистлардан бири.

“В.Норов авваламбор миллиционер. Бу одамнинг табиати мутлақо куч тизимларида шаклланган. Унинг вазир этиб тайинланиши бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлигида куч ишлатар идора вакили лозимлигини кўрсатяпти. Бу одам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини қўпол бир тарзда ҳаётга тадбиқ этади. Бугун унга юклатилаётган вазифа Ўзбекистонни Ғарб давлатлари таъсиридан буткул тозалаш ёки айрим содда немис сиёсатчиларнинг бошини айлантириб, Европа билан алоқаларни сақлаб қолиш учун кичкинагина дарча қолдиришдир”, - дейди Г.Бухорбоева.

Журналист С.Ежков эса В.Норовнинг янги лавозимга тайинланиши Ўзбекистон ташқи сиёсатини ўзгартирмаслигини айтади.

“В.Норов зиммасига юклатилган вазифаларни ўзида мавжуд бўлган ва бўлмаган қобилиятларидан келиб чиқиб амалга оширади, холос”, - деди С.Ежков.
XS
SM
MD
LG