Линклар

logo-print

Хорижий ўзбеклар Ислом Каримовдан эътибор кутмоқда


Қозоғистонда яшаётган юз минглаб ўзбеклар ўз миллий қадриятларини ва анъаналарини сақлаб қолишга уринаётган бўлса-да, бу ҳаракатлар бир қанча қийинчиликлар эвазига бўлаётир.

Қозоғистон ўзбекларини қийнаётган асосий муаммо тил билан боғлиқ.

“Биз 5-10 йил ичида ўзбек тилини умуман унутиб қўйсак керак. Фарзандларимиз қозоқ бўлиб қозоқ эмас, ўзбек бўлиб ўзбек. Аросатда қолса керак”, - дейди Сайрам тумани ўзбек миллий маркази раиси ўринбосари Анвар Муҳаммедов.

Қозоғистонлик ўзбек зиёлиларининг билдиришича, ўзбек тилини ривожлантириш учун деярли ҳеч иш қилинмаяпти. Айни пайтда ўзбек миллатининг қозоқ миллатига сингиб кетиш хавфи пайдо бўлган.

“Қозоғистонда яшаяпмиз, қозоқ тилини билишимиз шарт. Биламиз ҳам. Лекин шу тарзда кетадиган бўлса, ўзимизнинг миллий анъаналаримизни, тарихимизни унутиб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, - дейди А.Муҳаммедов.

Ўзбек тили билан боғлиқ муаммо, айниқса, мактаб ўқувчиларини қийнаяпти. Деярли барча ўзбек мактабларида дарсликлар етишмаслиги муаммоси мавжуд. Кейинги пайтда ўзбек ота-оналари болаларини қозоқ ёки рус тилидаги мактабларга беришни афзал билмокда. Бунинг сабаби давлат имтиҳонлари, олий ўқув юртларига кириш тестларининг барчаси қозоқ ёки рус тилида бўлишидир.

“Талаба бўлган ўзбек йигит-қизлари эса ўз она тилини чет тили сифатида ўрганяпти. Чунки ўзбек тили ва адабиёти факультетлари йўқ”, - дейди Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоев.

Оқсувкентлик ўқитувчи Шоҳида Раҳматуллаева эса бадиий адабиётлар етишмаслиги муаммосидан ташвишда.

“Хорижий ўзбекларнинг армони кўп. Бора-бора Ўзбекистонда нашр қилинадиган адабиётларнинг барчаси лотин имлосида чиқади. Буни бизнинг фарзандларимиз ўқий олмайди. Шундан кейин Ўзбекистон билан ўртамизда узилиш бўлади”, - дейди Ш.Раҳматуллаева.

Маҳаллий ўзбекларнинг айтишича, айни пайтда уларнинг асосий ютуғи Ўзбекистонда яшовчи миллатдошларига нисбатан иқтисодий жиҳатдан яхшироқ кун кечираётганидир.

Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудда жойлашгани бу ерда яшовчи ўзбеклар учун бир қадар енгилликлар яратади. Бироқ кейинги пайтдаги чегара муаммолари икки мамлакатдаги аҳолининг қариндошлик ришталарига шикаст етказаётир.

Жанубий Қозоғистон ўзбек миллий маркази раиси Икром Ҳошимжоновнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ҳатто Ўзбекистон билан маданий алоқалар ҳам бутунлай тўхтаб қолган.

“Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, биз Ўзбекистон билан ҳеч қандай маданий алоқаларни боғлай олмаяпмиз. Санъаткорларимизни таклиф қилиб, бир концерт беринглар қозоғистонлик ўзбеклар дейишса бошимиз осмонга етарди”, - дейди И.Ҳошимжонов.

Қозоғистонда яшаб, ўзбек миллий анъаналарини сақлаб қолиш бир қадар қийинчиликлар эвазига бўлиши табиий. Шунга ўхшаш таъсирлар оқибатида қозоғистонлик ўзбекларнинг урф-одатларидан кўплари унутилиб кетяпти, бошқалари эса замонавий кўринишда ўзгариб боряпти.

Қозоғистонлик ўзбеклар кейинги пайтларда ўзларига нисбатан миллатчилик муносабатлари ҳам кузатилаётганини яширмайди.

“Бизнинг ўзбекларда иккитадан диплом бўлса ҳам ҳозир ишга олинмайди. Давлат хизматида ҳам ўзбеклар кўп эмас. Тўғрисини айтганда миллатчилик бор, қаерга борсанг ҳам миллатингни сўрайди”, - дейди манкетлик Анвар Бурхонов.

Ўзбек шоири Баҳром Ғойибнинг таъкидлашича, “ўзбеклар Ўзбекистоннинг ўзида хўрланаётгани учун Қозоғистонда ҳам миллатдошлари шундай хўрланмоқда. Агар Ўзбекистон сиёсатни, айниқса, иқтисодий сиёсатни тўғри йўлда олиб борганида, бугун ўзбек халқи қорни тўқ бўлиб, орият учун курашадиган халқ бўлиб етишганида эди, бу ерда ҳам ўзбекка эҳтиёт бўлиб муносабат қилган бўлишарди”.

Айни пайтда Қозоғистон президентининг хорижий қозоқларга қилаётган ғамхўрликларини кўрган қозоғистонлик ўзбеклар Ўзбекистон раҳбаридан ҳам шундай муносабат кутмоқда. Аммо хорижий ўзбеклар бундай муносабат бўлишига шубҳа билан қарайди.

“Қозоғистонда яшаётган бўлсак ҳам Ўзбекистонни ўйлаймиз. Унинг ривожланган, кучли давлат бўлишини хоҳлаймиз. Ислом Каримов Қозоғистондаги ўзбекларга умуман эътибор бермайди. Ҳеч қачон хорижий ўзбекларни ўйлаб, ғамхўрлик қилаётгани йўқ. Озгина эътиборига зор бўлиб яшаётганлар қанча”, - дейди ўқитувчи Ш.Раҳматуллаева.
XS
SM
MD
LG