Линклар

БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ва Ливан ўртасидаги тўқнашувлар йирикроқ минтақавий можарога айланиб кетиши хавфи мавжудлиги боис фавқулодда мажлис бошлади.


Фавқулодда мажлис Ливан ҳукумати сўровига кўра, ўтказилмоқда. Ливан ҳукумати Хавфсизлик кенгашини ўт очишни тўхтатиш ҳақида дарҳол резолюция қабул қилишга чақирмоқда.
БМТ бош котибининг сиёсий муносабатлар бўйича ўринбосари Иброҳим Қамбарий бўҳронни дипломатик усуллар билан ҳал этиш имкониятлари камайиб бораётганини айтди.
“Биз барча томонларга можарони авж олдириш ҳеч кимнинг манфаатида эмаслигини ва дипломатик ташаббуслар учун имкониятлар тугаб бораётганини айтмоқчимиз. Барча томонлар бундай имкониятларни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоғи лозим”, - деди БМТ расмийси.
Исроил бугун Ливандаги ҳужумлар кўламини кенгайтирди. Икки кундан бери Байрут халқаро аэропорти яҳудий ҳарбий учқичлари нишонига айланмоқда.
Исроил ҳарбий учқичлари Байрут жанубидаги Ҳизбуллоҳга тегишли экани айтилаётган биноларга ҳам ҳаводан ҳужум қилди.
Бунга жавобан Ҳизбуллоҳ жанггарилари Исроилнинг шимолий ҳудудларига қарата ракеталарни отди ва бунинг оқибатида олти яҳудий яраланди.
Ливан полициясига кўра, пайшанбадан бери Исроилнинг ҳужумларидан 61 киши, асосан тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Айни пайтда, Исроил Бош вазири Эҳуд Олмерт бугун БМТ Бош котиби Кофи Аннан билан телефон суҳбатида Яқин Шарқдаги бўҳронни муҳокама қилди. Олмерт Ҳизбуллоҳ жанггарилари қуролсизлантирилмагунча, Исроил Ливандаги ҳужумларни давом эттиражагини айтди.
Олмертнинг БМТ вакиллари бўҳронни ҳал этиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда қатнашишига розилик бергани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG