Линклар

Қозоғистон Ўзбекистон билан чегараларни мустаҳкамлаяпти


Қозоғистон ҳукумати қозоқ-ўзбек чегарасини мустаҳкамлаш учун 437 миллион танга (3,5 миллион доллардан ортиқ) маблағ ажратмоқда. Бу ҳолат расмий Остона чегарадаги сўнгги можаролардан ташвишга тушганини кўрсатади.

Қозоғистон ҳукуматининг бу мақсадлар учун маблағ ажратганини маҳаллий кузатувчилар шундай қабул қилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 1999 йилдан буён чегарада 25 марта келишмовчилик қайд қилинган. Сўнгги тўрт йил мобайнида ўзбек-қозоқ чегарасида Ўзбекистон чегарачилари томонидан 9 марта қурол ишлатилган. Бунинг натижасида Қозоғистоннинг 6 фуқароси жароҳат олган ва бири ҳалок бўлган. Шу даврда Қозоғистон чегарачилари ўзбекистонликларга қарата 6 марта ўт очган, оқибатда уч киши яраланиб, бир киши оламдан ўтган.

Ажратилаётган маблағ бундай нохушликларнинг олдини олиши мумкинми?

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бош штаби бошлиғи Ҳусаин Беркалиевнинг билдиришича, бу орқали келишмовчиликлар олдини олиш қийин.

Маълум бўлишича, ажратилаётган маблағнинг 125 миллион тангаси қўшинлар манёврлар пайтида ҳаракатланадиган йўллар қурилиши ва жиҳозланишига сарфланади. Чегара тўсиқларини қуриш ва ўрнатиш ишларига 308 миллион танга сарфланиши режалаштирилган.

Қозоқ ҳукумати чегара мустаҳкамланиши натижасида контрабанда юклар ўтишига чек қўйилиши мумкинлигига ишонмоқда.

Куни-кеча қозоқ чегарачилари 12 тонна сабзавот маҳсулотини контрабанда йўли билан ўтказишга уринган Ўзбекистоннинг 6 фуқаросини қўлга олди. Ўтган ҳафтада контрабанда юклари билан боғлиқ 31 ҳолат қайд қилинган. Айнан ўзбек-қозоқ чегараси наркотик моддалар транзити учун хизмат қилаётгани ҳисобга олинса, чегара мустаҳкамланишидан ижобий натижалар кутилаётганлиги аниқ. Биргина ўтган йили қозоқ чегарачилари Ўзбекистон орқали ўтаётган 220 килограмм наркотик моддани ушлаб қолган.

Қозоғистон маъмурлари чегара мустаҳкамланиши натижасида ноқонуний мигрантлар сони камайишига эришиш мумкинлигини ҳам айтилмокда. Сўнгги беш йил мобайнида чегарада 21 мингдан зиёд чегара бузувчи қўлга олинган.

Чегара хизмати бош штаби бошлиғи Ҳ.Беркалиев ўзбек-қозоқ чегарасидаги келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири чегара ҳудудида яшовчи аҳолининг чегара қонун-қоидаларини билмаслиги эканини таъкидлайди.

2002 йил сентябрда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида чегара делимитацияси бўйича шартнома имзоланган. 2004 йил 19 апрелдан бошланган демаркация жараёни эса 2007 йилнинг охиригача давом этиши мўлжалланган.

Чегара масаласи муҳокама қилинган ҳукумат мажлисида бош вазир Даниал Аҳметов демаркация туфайли 58 та хусусий уй бузилиши ва уларнинг эгаларига товон пули ажратилишини маълум қилди. У ажратилган маблағнинг ўзлаштирилишини шахсий назоратига олишни ваъда қилди.

Демаркация туфайли Қозоғистоннинг 16 аҳоли пункти қийин аҳволга тушиб қолган. 7 овулнинг болалари чегарадан ўтиб, Ўзбекистон мактабларига қатнайди. 8 овул одамлари эса ичимлик сувни Ўзбекистондан олади.

Бош вазир режасига ҳозирча бу ҳолатлар киритилмаган. У чегарачилар яшаш шароитини яхшилаш учун маблағ ажратиш тўғрисидаги илтимосни ҳам рад этди. Маълум бўлишича, ўзбек-қозоқ чегарасидаги қозоқ чегарачиларининг бир қисми илгари ўликхона (морг) бўлган бинога жойлаштирилган.

Ойдинлашдики, қозоқ аскарлари бундан кейин ҳам эски ўликхонада яшаб, давлат чегарасини қўриқлашни давом эттиради.
XS
SM
MD
LG