Линклар

Президентликка собиқ номзод қамалди

  • Озодлик

13 июль куни кечга яқин Минск шаҳар Москва туман суди Беларус Социал-демократик партияси лидери Александр Козулинни 5 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Ҳукмга биноан Козулин жазони умумий режимли колонияда ўтайди.

Александр Козулин Беларус президентлигига бундан бир неча ой муқаддам ўтказилган сайловда президентликка номзод сифатида қатнашган эди.

- Ўғлим безори эмас, ўғлим ҳалол одам, у қонунга хилоф ҳеч қандай иш қилгани йўқ. У мутлақо гуноҳсиз. У биллурдай тоза, - деди Озодлик мухбирига 5 ярим йилга кесилган Козулиннинг онаси.

Беларус Социал-демократик партияси лидери Александр Козулин яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловида Александр Лукашенканинг асосий ҳарифларидан бири сифатида майдонга чиққан эди.

Суд Козулинни Беларус Жиноят кодексининг 342- ва 339-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Яъни, президентликка собиқ номзод "гуруҳ тузиб, жамоат тартибини қўпол равишда бузадиган ҳаракатлар ҳамда безорилик қилган".

Суд ҳукмномасида ёзилишича, Козулин бу жиноятларни сайловолди кампанияси давомида содир этган.

Профессор Козулиннинг ўзи айбни тан олгани йўқ. Хабарларга қараганда, судья уни сўнгги сўз айтиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилди. Судья бу қарорини давлат айбловчисининг талабига жавобан қабул қилди. Прокурорга Козулиннинг гувоҳларга савол беравергани, ўтказилаётган судловни "суд эмас, кулгини қистатадиган бир томоша", деб атагани ёқмаган.

Умуман, Минск шаҳар Москва туман суди судьясининг судланувчи Козулинга муносабатидаги баъзи деталлар кишини ҳайратга солади. Суд мажлисларидан бирида Козулин юраги санчиб, ётиб қолади. Бироқ судья врач чақиришдан бош тортади.

Козулиннинг яқинлари унинг устидан чиқарилган ҳукм у ёқда турсин, умуман судга тортилишини адолатсизлик, демоқда. Беларус президентлигига собиқ номзоднинг қизи Волханинг фикрича, отаси устидан чиқарилган ҳукм президент Лукашенканинг ундан олган ўчидир.

- Бу ҳақиқат учун олинган ўчдир. Иккинчидан эса, отамнинг кейинги сайловда иштирок этишининг олдини олмоқчилар. Чунки агар одам қатнашадиган бўлса, навбатдаги сайловда ғалаба қозонолмаслигини Лукашенка билади, - деди Волха Козулина. Ундан ёки лавҳамизни бошида гапларини келтирганимиз – Козулиннинг онасидан эшитганларимиз табиий: яқинлари яна нимаям десин.

Бироқ айни пайтда Беларусдаги аксарият сиёсатчи ва сиёсатшунослар Козулин устидан чиқарилган ҳукмни Лукашенканинг ундан олаётган сиёсий ўчи, деб баҳоламоқда.

Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, Козулиннинг адвокати Игорь Ринкевич мижози мутлақо айбсиз топилади, деб ўйлаганини таъкидлади.

Хабарларга қараганда, Александр Козулин устидан ўтказилган судловни "Катта саккизлик"ка кирувчи давлатлардан еттитасининг Беларусдаги элчихоналари вакиллари кузатди. Судга "саккизлик"нинг саккизинчи аъзоси – Россия вакили келмади.

Беларус мухолифати вакиллари 16 июль, "Катта саккизлик" саммити ўтадиган куни Санкт-Петербургда Россиянинг Минскдаги элчихонаси олдида пикет уюштирмоқчи. Акция пайтида улар россиялик дипломатларга Козулин иши бўйича "Катта саккизлик" аъзолари номига битилган махсус мурожаатнома топширмоқчилар.
XS
SM
MD
LG