Линклар

Европага такроран очилаётган “дарча”

  • Озодлик

Россияда саноати ривожланган 8 давлат саммитига тайёргарлик ишлари якунига етиб қолди.

"Катта саккизлик"нинг олий даражадаги учрашуви 15 – 16 июль кунлари Санкт-Петербугда бўлиб ўтади.

Саккизлик лидерларини ҳамда уларнинг учрашувини ёритувчи журналистлар армиясини Россия шимолий пойтахтининг ювиб-артиб-тозаланган бинолари, ёғ тушса ялагудай ҳолатга келтирилган йўллари кутиб олади. Хавфсизлик чоралари эса, мисли кўрилмаган даражада кучайтирилган.

Петр Биринчидан қолган Адмиралтейство биноси устунларини ишчилар охирги марта юваяпти.

Бошқа юзлаб иморатлар қатори Адмиралтейство биносининг ҳам ташқи деворлари саммит олдидан таъмирланди. Шаҳарга олиб кирувчи йўлларнинг асфальти янгиланди, фавворалар ремонт қилинди, паркларга ранг-баранг гуллар кўчирилди.

Таги петербурглик бўлгани учунми, Владимир Путин она шаҳрининг шуҳратини қайта тикламоқчи кўринади. Саммит учун айнан Санкт-Петербургнинг танланиши ҳам, балки шундандир.

Путин Москвани ҳам танлаши мумкин эди. Бироқ денгизга туташмаган пойтахт Ғарбга "дарча", деб тушунилмайди, шекилли. Санкт-Петербургга эса, аввал-бошданоқ Ғарбга дарча, деб нисбат берилади.

Санкт-Петербургликларнинг аксарияти "Шимолий Венеция" шуҳратини қайта тиклашга ҳаракат қилаётгани учун Путиндан миннатдор.

- Петербургни Петр, аслида, Россия Европа билан, умуман дунё билан учрашсин, деб қурган эди. Ғарбнинг Россияга таъсири Петербург орқали ўтган, ўз навбатида Ғарб Россияни Петербург туфайли таниган, - дейди петербургликлардан бири, тарихчи Александр Марголис.

Кейинги пайтларда ҳорижлик ишбилармонларнинг аксарияти пойтахт Москвада тўпланган. Бироқ бир пайтлар айнан Санкт-Петербург дунё учун эшикларини ланг очиб қўйган шаҳар эди.

Большевиклар туфайли пойтахтлик мақомини йўқотган шаҳарнинг "қаддини ростлар" экан, Россия раҳбарияти бу шаҳарга сармоялар жалб этишни кўзламоқда.

Санкт-Петербурглик журналист Федор Гавриловнинг фикрича, мақсад қандай бўлишидан қатъиназар, шаҳарга эътибор бермасликнинг иложи ҳам қолмаган эди.

- Петербург дунёдаги иқлими жуда ёмон бўлган шимолий мегаполисдир. Бир неча ўн йил давомида шаҳарнинг инфраструктураси билан жиддий шуғулланмаганлар. Шунинг учун ҳам нимадир қилиш лозим, aкс ҳолда шаҳар мутлақо барбод бўлиши мумкин эди, - дейди журналист.

Бироқ, шаҳардаги асл вазиятдан яхши хабардор петербургликлар орасида шу кунда ўзларича "ғудраниб" юрганлар ҳам кўпчилик. Шаҳарнинг меҳмонлар кўрадиган қисмлари таъмирланиб, чеккароқ жойлар қандай ҳолатда бўлса, шундайлигича қолмоқда. Боз устига саккизлик саммитига ўхшаган тадбирлар ўтказиладиган кунларда шаҳарнинг тор кўчаларига машина сиғмай кетади. Шаҳар ҳаёти издан чиқиб кетади.

- Саммит кунлари кўпчилик шаҳардан чиқиб кетади. Чунки бундай пайтда биронта ҳам муассаса нормал ишлай олмайди, - дейди петербурглик Жанна.

Лекин шунга қарамай, афтидан кўпчилик вақтинчалик ноқулайликларга чидашга тайёрга ўхшайди. Чунки "Катта саккизлик"ка ўхшаган халқаро тадбирлар одамларда сармоялар кириб келар, натижада иш жойлари кўпаяр, деган умид уйғотмоқда.
XS
SM
MD
LG