Линклар

Исроил Ливанга ҳужумни кучайтираётир

  • Фаррух Юсуфий

Исроил Ливан жанубида “Ҳизбаллоҳ” ҳаракатига қарши ҳаво ҳужумларини кенгайтирмоқда, шунингдек, Ливаннинг иқтисодий инфратузилмаларига ҳам зарбалар берилаётир.

Бу ҳаракатлар Исроилнинг Ғазо секторида тутган йўлини эсга солади. Ғазода ҳам яҳудий аскарлари жангариликда гумон қилинган кишиларнинг уйларини бузиб ташлаш, уларга аниқ зарбалар бериш амалиётларини ўтказиб келмоқда.

Гарчи яҳудий давлати “Ҳизбаллоҳ” ва ХАМАСнинг кучсизлантириш мақсадида Ливан ва Фаластиндаги инфратузилмаларга ҳужум қилаётган бўлса-да, бу икки гуруҳга ҳомийлик қилаётганларнинг танобини тортмасдан бунинг уддасидан чиқа олмаслигини яхши тушунади.

Шу сабабли Исроил расмийлари сўнгги кунларда Сурия ва Эрон мавжуд муаммоларнинг асосий сабаблари экани ва буни қандай бўлмасин ҳал этиш зарурлигини таъкидламоқда.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Дэниел Айалон пайшанба кунги чиқишида: “Биз гувоҳ бўлиб турган вазиятнинг кескинлашувига аввалдан ўйлаб қўйилган ҳужум ёки стратегия сабаб бўлди ва афсуски бу стратегия Дамашқ ва Теҳрондан туриб бошқарилмоқда”, - деди.

Д.Айалоннинг айтишича, Эрон Яқин Шарқ минтақасидан узоқ бўлишига қарамай, унинг иккита мақсади бор. Яъни биринчиси, минтақани исломий жиҳатда яна радикаллаштириш ва ўзига ўхшаган теократик давлатларни кўпайтириш. Иккинчи мақсад эса халқаро ҳамжамият диққатини ўзининг ядровий қуролни ишлаб чиқишга қартилган дастуридан чалғитиш.

Шунинг учун Исроилнинг бошқа расмийлари ҳам Теҳронга кўз-қулоқ бўлишга чақирмоқда.

Пайшанб куни Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Марк Регев “Ҳизбаллоҳ” асир олинган икки яҳудий аскарини Эронга бериб юборишга уриниши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Эрон эса бу бу айбловларни дарҳол инкор қилди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳомид Ризо Осифий Исроилнинг баёнотлари куракда турмаслигини таъкидлади.

Айни пайтда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Сурияга ҳужум қилинган тақдирда Теҳрон ўзининг ҳарбий иттифоқчиси бўлмиш Дамашққа ёрдам кўрсатажагини ваъда берди.

Аҳмадийнажотнинг баёноти Эрон телевидениесида ўқиб эшиттирилди.

“Мустамлакачи режим, яъни Исроил яна бир аҳмоқона ҳаракатни амалга ошириб, Сурияга ҳужум қиладиган бўлса, бу бутун ислом дунёсига қарши ҳужум қилиш сифатида баҳолананди ва бу режимга қатъий зарба берилади”, - деди М.Аҳмадийнажот.

Кузатувчилар мунозаралар кескинлашар экан давлатлараро тўқнашувларнинг эҳтимоли ҳам ошиб боради, демоқда.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси мавжуд можаронининг Исроил ва Сурия ўртасидаги тўқнашувга айланиб кетиши хавфи борлигини айтади.

“Бунинг эҳтимоли жуда юқори. Исроил можарони янада кесиклаштириб, бунга Сурияни ҳам аралаштириш йўлини танлаши эҳтимоли бор. Бундан ташқари, Исроил Ливан ҳудудини бомбардимон қилишда давом этадиган бўлса, Сурия Ливанга ёрдамга ошиқиши эҳтимоли ҳам бор, бундай сценарийда ҳам вазият Исроил ва Сурия ўртасидаги можарога айланиши мумкин”, - дейди минтақашунос.

Мазкур вазиятда дипломатик мулоқот учун имкониятларнинг камлиги ҳам вазиятни янада кескинлаштириши мумкин.

Музокараларда воситачилик қилиши эҳтимоли энг юқори бўлган АҚШ ва БМТга нисбатан Дамашқнинг муносабатини илиқ деб бўлмайди.

АҚШ президенти Жорж Буш пайшанба куни Дамашқни “Ҳизбаллоҳ”га ҳомийлик қилганликда айблади.

Оқ уй раҳбари асир олинган Исроил аксарлари қайтарилиши ва Сурия президенти Башир Асад тинчлик ўрнатиш сари ҳаракатларда ўзини етакчи сифатида намоён этиши лозимлигини гапирди.

Вашингтоннинг Дамашқ билан арзимаган савдо алоқалари бор ва баъзи АҚШ расмийлари Суриядаги режим ўзгартирилишига чақириб келади.

БМТ томонидан Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилиши юзасидан олиб борилаётган тергов Дамашқнинг ғашига тегмоқда. Тергов хулосалари Ҳаририйнинг ўлдирилишида Суриянинг қўли борлигига ишора қилган.

Шу сабабдан бўҳронни ҳал этиш роли Европанинг бирор давлати, масалан, Германияга тегиши мумкин. Расмий Берлин ўтмишда ҳам “Ҳизбаллоҳ” ва Исроил ўртасидаги музокараларда муваффақиятли воситачилик қилган.

Бироқ Сурия ёки Исроилга нисбатан босим ўтказиш воситалари эга бўлмаган Германиядек мамлакат учун бундай музокараларда воситачилик қилиши осон кечмаслиги мумкин.

Бўҳрон давом этаркан, “Ҳизбаллоҳ” ҳам, ХАМАС ҳам ўз талабларини илгари суришда давом этмоқда.

“Ҳизбаллоҳ” асирга олинган икки аскарни Исроил қамоқхоналарида қолаётган фаластинликларга алмашишга тайёрлигини билдиряпти. Кузатувчилар “Ҳизбаллоҳ”нинг Исроилда ҳарбий ҳаракатларни бошлашдан асл мақсади ҳам шу бўлганини билдираётир.

Айни пайтда ХАМАС ҳаракати ҳам асирларни алмашишни таклиф қилмоқда. Таҳлилчилар Ғазодаги бўҳрон кескинлашган сари ХАМАСнинг талаблари ҳам ошаётганини айтмоқда. Зеро, ХАМАС энди нафақат махбуслар озод этилишини, балки Исроил армиясининг Фаластин ҳудудларидаги операциялари ва қотилликларини тўхтатишни талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG