Линклар

logo-print

Санкт-Петербург яқинида Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жорж Буш ўртасида расмий сўзлашувлар бўлиб ўтди.


Учрашувда бошқа масалалар қаторида Яқин Шарқдаги кескинлашиб кетган вазият муҳокама қилинди.
Буш зиддиятнинг авж олиб кетишида Фаластиндаги радикал "Хизбуллоҳ" гуруҳини айблади ва унинг жанггариларини "зудлик билан қуролсизланишга" чақирди.
- Зўравонликнинг тўхтатилишидан ҳаммамиз ҳам манфаатдор эканлигимизни тушунсангиз керак. Зўравонликни тўхтатиш учун, менимча, уни келтириб чиқарган сабабни аниқлаб олиш лозим. Сабаб эса, "Хизбуллоҳ"нинг Ливан ҳудудидан туриб Исроилни ракеталардан ўққа тутгани, исроиллик икки аскарни қўлга олгани бўлди. Мана зиддиятнинг сабаби. "Хизбуллоҳ" зудлик билан қуролни ташласа ва ўз ҳужумларини тўхтатса, куч ишлатиш тўхтатилади. Шу муносабат билан мен Сурияни "Хизбуллоҳ" гуруҳи раҳбариятига таъсир ўтказишга чақираман, - деди Жорж Буш.
Владимир Путин Бушнинг гапини маъқуллаб, Исроилнинг ҳарбий куч ишлатиши вазиятга “мутаносиб бўлиши лозим”, деб қўшиб қўйди.



Россия президентига кўра, икки давлат “ядровий терроризм” таҳдидига глобал миқёсда қарши ҳаракат қилиш тўғрисида келишувга эришди.
Мазкур келишув режасига кўра потенциал террорчилар ҳаракатлари ва ядровий материаллар ташилиши назорат қилинади ҳамда ядровий қуролни қўлга киритишга муваффақ бўлган террористик гуруҳларга қарши ҳамкорликда қарши турилади.
Сўзлашув натижаларини шарҳлар экан, Владимир Путин: - Россия томони учрашувнинг натижаларидан қониқиш ҳосил қилди. Бу учрашув Россия билан АҚШ ўзаро ишончли ҳамкорлар эканини яна бир бор намойиш қилди. Биз икки томонлама ва халқаро сиёсатнинг бир қатор ҳал қилувчи масалалари бўйича келишиб олдик, атом энергетикасини хавфсиз ривожлантириш бўйича параллель ташаббусларимиз – қабул қилганимиз қўшма баёнотга асос бўлди, - деди.
Жорж Буш Шимолий Корея ва Эронни ядровий соҳада ўтказаётган изланишларидан воз кечтириш учун Москва билан Вашингтон биргаликда ҳаракат қилажагини билдириб, жумладан мана бундай деди: - Биз Шимолий Корея ва Эронни муҳокама қилдик ва бу масалаларнинг кескинлиги бироз юмшагандай бўлди, чунки эндиликда бу мамлакатлар ҳукуматларига уларнинг ядровий иддаолари қабул қилиб бўлмаслигини биргаликда уқдириб қўйишга Россия ва АҚШ тайёр.
АҚШ президентининг маълум қилишича, Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш масаласи ҳозирча узил-кесил ечимини топмади. Бу масала юзасидан сўзлашувлар давом эттирилади, деб қўшиб қўйди Жорж Буш.
XS
SM
MD
LG