Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:31

АҚШдан паноҳ топган андижонликлардан тўққиз нафари уйларига қайтди


2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб борган ва пировардида БМТ қочқинлар идораси томонидан аввалига Руминия кейинчалик Америка Қўшма Штатларига жойлаштирилган андижонлик қочқинлардан бир қисми Ўзбекистонга қайтди¸ деган турли маълумотлар пайдо бўлди.

16 июл куни Озодлик таҳририятига ўз исми номалум қолишини истаган бир киши телефон қилиб, Андижон воқеаларидан кейин АҚШдан бошпана топган бир гуруҳ қочқинларнинг Ўзбекистон элчихонаси молиявий кўмагида Ўзбекистонга қайтганини маълум қилди.

Телефон қилган кишига кўра¸ АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси андижонликларга қайтиш учун бепул учқич чиптаси олиб берган.

Биз воқеага аниқлик киритиш учун Андижон воқеаларини ўрганаëтган журналист Галима Буҳарбаевага мурожаат қилдик. Галима Бухарбаева АҚШнинг Аризона штатида яшаëтган тўққиз нафар ўзбек қочқинининг Ўзбекистонга олиб кетилгани фактини тасдиқлади.

АҚШда истиқомат қилаëтган сиëсатшунос Баҳодир Файзи ҳам қочқинлардан 9 нафари Ўзбекистонга қайтиб кетганлигини тасдиқлади.

Баҳодир Файз: - Аризона штатида қочқин оилалар бор эди. Улар тахминан 9 киши эди. Мен улардан иккисининг отасини танийман. У киши биз яшаётган шаҳарда яшайди. Мен у киши билан гаплашдим. Унинг айтишича, ўғли ва келини ҳамда улар билан яшаётган қолган оилалар ҳам анчадан буён Ўзбекистонга қайтишни ният қилишган. Ҳатто, Ўзбекистондан қочиб чиққан кундан буён. Шу боис Вашингтонга, Ўзбекистон элчихонасига боришган. Улар эса тезлик билан буларнинг ҳужжатларини тайёрлаб, қўлига самолёт учун бепул чипталарни бериб, дарров Ўзбекистонга жўнатиб юборишган. Менга маълум бўлишча, улар пайшанба куни етиб боришган ва яхши етиб келдик деб телефон қилишган. Тинч ўтиришган экан.

Озодлик: - Пайшанба кундан бери улар билан гаплашдингизми?

Баҳодир Файз: - Йўқ, етиб олишган куни яхши етиб келдик, деб телефон қилишган. Шундан буён ҳали гаплашмадик. Лекин уларга ЎЗбекистон ҳукумати тегмаса керак. Боиси, шу йўл билан бошқаларни ҳам чақириб олишмоқчи.

Озодлик: - Улар мамлакатдан қочиб кетгандан кейин ҳам қанча тазйиқлар бўлди, қама-қамалар шу кунга қадар ҳам давом этмоқда. Наҳотки, Ўзбекистонга борсак, нима бўларкин, деган қўрқув бўлмаган?

Баҳодир Файз: - Қўрқув бўлган, ҳозир ҳам бор. Аммо, уларнинг ёшгина гўдаклари қолиб кетган. Бунинг устига улар оддий, сиёсатдан узоқ, муҳожират нималигини билмайдиган одамлар. Шу боис, қўрқувни енгиб, таваккал қилиб, ҳаммасига тайёр бўлиб қайтиб кетишди. Энди ҳориждаги андижонлик қочқинлар уларга кўз тикиб турибди, уларнинг тақдири кўплаб андижонлик қочқинлар қарори учун жуда муҳим. Аммо, Ўзбекистон ҳукумати уларни тинч қўймаса керак. Ҳозир бўлмаса ҳам кейин уларнинг бошини оғритади, менимча.

Чехия ва Германияда яшаëтган Андижонлик қочқинлар билан суҳбатлашганимизда улар АҚШдаги ўзбек қочқинларидан 9 нафари уйларига кетганидан беҳабар эканлигини айтишди.
XS
SM
MD
LG