Линклар

Олтинчи кундирки Исроил Ливан узра ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда.


Душанба тонги Исроил ҳарбий учқичлари шундоқ ҳам ҳужумлардан талафот кўрган Байрут халқаро аэропорти ҳамда кўприк, йўлларни ҳамда Ливаннинг иккинчи йирик шаҳри Триполи яқинидаги ҳарбий объектларни ҳаводан нишонга олган. Ҳаво ҳужумлари оқибатида 15 киши, жумладан етти ливанлик аскар нобуд бўлгани хабар қилинмоқда. Исроил бу амалиётни икки аскари Ҳизбуллоҳ жангарилари томонидан олиб қочиб кетилиши ортидан бошлаб юборган эди. Ўтган тунда Исроил ҳаво зарбалари оқибатида Ливанда 36 киши ҳалок бўлди.
Канада Ташқи ишлар вазири Питер МакКайга кўра, ҳалок бўлганлар орасида саккиз Канада фуқароси ҳам бор. Шунингдек, бугун Исроил учқичлари Ғазода Фаластин мухторияти ташқи ишлар вазирлиги биносига ҳаводан зарбалар берган. Оқибатда уч кишининг яралангани хабар қилинмоқда. Фаластин ташқи ишлар вазирлигига қилинган аввалги ҳаво ҳужумлари оқибатида бинога жиддий шикаст етган эди.
Айни дамда Ливандаги жангари гуруҳ Ҳизбуллоҳ Исроилнинг Афулу ҳамда учинчи йирик шаҳри бўлмиш Хайфага ўнлаб ракеталар отган ва камида саккиз кишини ўлдирган. Илк ракеталар темир йул омбори атрофига эрталабги тиғиз пайтда отилган. Ракета келиб тушган маҳал қурбон бўлган саккиз киши темир йўл хизмати ишчилари деб айтилади. Бош вазир Эхуд Олмерт ҳужумларни даҳшатли деб таърифлаган ва ҳодисаларнинг жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган. Ҳизбуллоҳ Исроилга чоршанба кунидан бери 400та ракета отган. Беш кун давомида Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумларида эса аксари тинч фуқаролар бўлган камида 100 ливанлик ҳаётдан кўз юмган.
Айни дамда Ливандан хориж фуқаролари эвакуция қилинмоқда. Италия ва Греция ҳарбий учқичлари Австрия, Испания, Италия, Чехия, Ирландия фуқаролари бўлган жами 350 одам Қибрисга олиб ўтган. Бортида 400 одам билан Италия кемасининг бугун Қибрис портига келиши кутилмоқда. Шунингдек, Франция ҳам Ливандан ўз фуқароларини эвакуация этиш учун махсус кема жўнатган. Кеманинг бугун Ливан бандаргоҳига келиши кутилмоқда.

Ҳам Исроил ҳам Ливан томонида қурбонлар ва яраланганлар сони ортиб борар ва можаро кўламининг бутун минтақа бўйлаб ёйилиши хавфи кучаяр экан, Хавьер Солана бошлиқ Европа Иттифоқи делегацияси можарони дипломатик ҳал этиш ниятида Байрутга ташриф буюрган.
Жаноб Солананинг бугун Ливан Бош вазири билан учрашиши кутилмоқда. Шунингдек, БМТнинг махсус гуруҳи ҳам Ливанда, Байрут ҳукуматининг ўт очишни тўхтатиш чақириқларини қўллаб қувватлаган ва айни пайтда икки Исроил ҳарбийсининг қўйиб юборилишини Ливан ҳукуматидан талаб этган.
XS
SM
MD
LG