Линклар

АҚШнинг Аризона штатидан қайтиб келган ўзбек қочқинлари сони 9 эмас балки 12 нафар экани айтилмоқда.


Бу ҳақда шу ҳудудда яшовчи ишончли манба телефон орқали Озодлик радиоси мухбирига айтди. Ўзини танитишни истамаган, Аризона штатида яшовчи андижонлик қочқиннинг айтишига кўра, уйга қайтиш имконияти ҳақидаги гап Ўзбекистондан келган.
Аризонадаги ўзбеклар уйларига телефон қилишганида, уларнинг қариндошлари, “Уйга келаверинглар, сизларга ҳеч бир тазйиқ бўлмайди,” деб айтишган ва йўл кўрсатишган. Ўзбекистондан кўрсатилган йўл ва кўрсатмалар бўйича Аризонадаги андижонлик қочқинлар Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасига боришган. Улар элчихона ходимларининг муносабати илиқ бўлганини таъкидлашади. Уларга билет берилиб 2006 йил 13 июл куни Ўзбекистонга жўнатилган. Ўзбекистонга етиб боришганларидан сўнг, Аризонадаги шерикларига яхши етиб келганликларини билдириб телефон қилишган. Шунингдек, бошқа давлатларда яшаётган андижонлик қочқинларга ҳам Ўзбекистонга қайтиш имконияти ҳақида маълум қилинган.
Ўтган йил 13 май куни Андижонда рўй берган қирғиндан сўнг юзлаб андижонлик қўшни Қирғизистонга қочган ва БМТ Қочқинлар идораси кўмагида улар бошқа давлатларга олиб ўтилган эдилар.
XS
SM
MD
LG