Линклар

Исроилнинг Ливанда амалга оширган бомбалашлари ортидан минглаб хорижлик ушбу давлатни тарк эта бошлаган.


Душанба куни Франция кемаси Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ фуқаролари бўлган жами 1250 кишини бортига олиб, Байрутдан Қибрис томон суза бошлади. Британия эса ўз фуқароларини вертолетларда эвакуация қилмоқда. Сўнгги беш кун ичида 100 мингдан зиёд одам Ливандан Сурияга ўтган. Дамашқ ҳукуматининг маълум қилишича, уларнинг учдан бир қисми хориж фуқароларидир ва Сурия ҳукумати уларга, жумладан улар орасида бўлган АҚШ фуқароларига ҳам қўлдан келган ёрдамни беради.
Душанба куни Исроил ҳарбий учқичлари шундоқ ҳам ҳужумлардан талафот кўрган Байрут халқаро аэропорти ҳамда кўприк, йўлларни ҳамда Ливаннинг иккинчи йирик шаҳри Триполи яқинидаги объектларни ҳаводан нишонга олган эди. Кечаги Исроил ҳаво зарбалари оқибатида Ливанда 50 киши ҳалок бўлган. Сўнгги олти кун давомида Ливанда ҳаммаси бўлиб 200дан зиёд одам Исроил зарбалари оқибатида ҳаётдан кўз юмди.
Айни пайтда Ливандаги Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи сешанбага ўтар кечаси Исроилга қарата яна жавобий ракета зарбалари берган. Ракеталардан бири Цефет шаҳридаги касалхонага келиб тушган ва оқибатда беш одамнинг яралангани хабар қилинмоқда. Бу воқеалар Исроилнинг икки аскари Ҳизбуллоҳ жангарилари томонидан олиб қочиб кетилиши ортидан бошланиб кетган. Исроил ўз ҳарбийларининг олиб қочилишини уруш холати деб билиб, Ливан жанубида кўламли ҳарбий амалиётларни бошлаб юборган эди. Исроил томони Ливанга қарши зарбалар Ҳизбуллоҳ олиб қочган икки исроиллик қўйиб юборилгани тақдирда тўхтатилишини маълум қилди. Ливан Бош вазири Фоуад Синиорага кўра, Исроил ҳаво зарбалари оқибатида унинг давлати миллиардлаб доллар миқдорида зиён кўрган.
“Сўнгги бир неча кун ичида Исроил мамлакатимизни яксон этди. Аҳоли пунктлари орасида алоқа узилган, айрим худудларда аҳоли умуман ташқи дунёдан узилиб қолган”, - деди Ливан Бош вазири.
Исроил ва Ливан ўртасида можаро кўлами ортаётган ва унинг бутун минтақа бўйлаб ёйилиши хавфи кучаяр экан, дунё ҳамжамияти низога дипломатик барҳам бериш йўлларини ахтармоқда. Айни мақсадда Франция Ташқи ишлар вазири Доминик де Вилпен бугун Байрутга ташриф буюрди. Жаноб Вилпеннинг Ливан Бош вазири билан учрашиши кутилмоқда. Ливан билан узоқ йиллик тарихий алоқаларга эга Франция Исроил ҳужумларини қоралаб чиққан. Франция Ташқи ишлар вазири келишидан олдин кеча Хавьер Солана бошлиқ Европа Иттифоқи делегацияси Байрутда сўзлашувлар олиб борган эди.
Айни пайтда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Яқин Шарқдаги вазиятни ёпиқ эшиклар ортида мухокама этмоқда.
XS
SM
MD
LG