Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:36

Алисон Гилл: “Ўзбекистон - андижонлик қочқинлар учун қопқон қўйди”


АҚШнинг Аризона штатидан қайтиб келган ўзбек қочқинлари сони олдин айтганимиздек 9 эмас балки 12 нафар экани айтилмоқда. Бу ҳақда шу ҳудудда яшовчи ишончли манба телефон орқали Озодлик радиоси мухбирига айтган.

Ўзини танитишни истамаган, Аризона штатида яшовчи андижонлик қочқиннинг айтишига кўра, уйга қайтиш имконияти ҳақидаги гап Ўзбекистондан келган.

Аризонадаги ўзбеклар уйларига телефон қилишганида, уларнинг қариндошлари, “уйга келаверинглар, сизларга ҳеч бир тазйиқ бўлмайди,” деб айтишган ва йўл кўрсатишган.

Ўзбекистондан кўрсатилган йўл ва кўрсатмалар бўйича Аризонадаги андижонлик қочқинлар Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасига боришган. Улар элчихона ходимларининг муносабати илиқ бўлганини таъкидлашади. Ими жимида уларга билет олиб бериб 2006 йил 13 июл куни Ўзбекистонга жўнатишади.

Улар Ўзбекистонга етиб боришганларидан сўнг, Аризонадаги шерикларига яхши етиб келганликларини билдириб телефон қилишган.

Андижон воқеаларини ўрганаëтган журналист Галима Буҳарбаеванинг айтишича, уйга кетиш ғояси қочқинлар орасида анчадан бери бор бўлган. Шунингдек бундан икки ҳафта олдин озодлик таҳририятига Германиялик қочқинлар номидан Ўзбекистон президентига йўлланган мактуб нусҳаси келганини ҳам бугун айтиш мавриди келди.

"Ўзбекистон президентига мурожаатнома. Шу кунларда биз юртимизга қайтиш кайфиятида яшадик ва ҳозир ҳам шу ниятдамиз. Чунки ҳалқимиз ва раҳбарларимиз олдида юзимиз ëруғ бўлишига ишонамиз."

Бу шу йилнинг 27 июли куни германиялик қочқинлар томонидан ëзилган мактубдан иқтибос эди. Германиялик қочқинлардан бири Насрулло ака бу мактубдаги гаплар қалбининг тўридан чиққанини айтади.

“Мен президентимизга ишонаман. Ўз сидқидил меҳнатим билан бу ишончга лойиқ бўлишга интиламан.”

Чеҳиядаги қочқин мақомини олган Абдусалом ака ҳам бу гапларга қўшилади.

"Кечиримли бўлиш яҳши-да. Одамдан ҳато ўтади.Биз ўтган ишга саловот дея ҳамма нарсани унутиб уйимизга кетиш ишқида ëнмоқдамиз".

Биров сизга кафолат бердими деб сўраймиз Абдусалом акадан.

"Ҳа энди – энг теппадаги одам кафолат берйаптику. Президент кафолат берганидан сўнг ишанамизда."

Айни пайтда президентнинг қай тарзда АҚШ ва Европадаги андижонлик қочқинларга кафолат бергани ҳақида Абдусалом ака индамасликни маъқул кўрди.

Халқаро Хюман Райтс Вотч ташкилоининг москвадаги вакили Алисон Гилл Каримов вадаларига ишониш ҳато бўлишини айтади.

"Мен ўзбек ҳукуматининг андижонлик қочқинларни кечириш ҳақидаги ваъдаларига шубҳа билан қарайман. Нега десангиз 1999 йил феврал портлашларидан кейин ҳам Каримов кечириш ҳақида вада берган эди. Аммо уларнинг аксарияти қайтиб келиши биланоқ ëки бир оз ўтиб қамоққа олинди. Мен уларнинг судида қатнашганман¸ қариндош-туққанлари билан гаплашганман. Менимча Ўзбекистонга қайтиб келадиган андижонликларни иши ëмонлик билан тугаса керак деб ўйлайман".

Мана судда ҳукуматга қарши гувоҳлик берган Маҳбуба Зокирова га тегимади¸ балки қайтиб борган андижонликларни тинч қўйишар деб сўраймиз Инсон ҳуқуқлари фаоли Алисон Гиллдан:

"Мен қайтиб борган андижонликлардан ўзбек режими қопқон сифатида фойдаланишади деб қўрқяпман. Уларга тегишмадику¸ деб шартта бошқа андижонликлар ҳам келиши учун қўйилган қопқон бу. Мен ватан соғинчи деган ҳис туйғуни теран англайман, аммо ўз ҳалқига ўқ отган бу ҳукуматга қандай қилиб ишониш мумкинлигини ақлимга сиғдира олмаяпман."

Халқаро Хюман Райтс Вотч ташкилотининг москвадаги вакили Алисон Гилл фикрлари эди.

Андижон воқеаларидан кейин германиядан бошпана топган Насруло ака эса ўзбек ҳалқининг отангни ўлдирганга онангни бер деган мақол мазмунида гапиради.

"Бу мақолани мен ўйлаб топганим йўқ¸ бу ота-боболаримиздан қолган нақл. Мен мана шу нақл мазмунига қўшиламан."

Эслатиб ўтамиз, ўтган пайшанба куни АҚШнинг Аризона штатида яшаëтган ўн икки нафар ўзбек қочқини Ўзбекистонга олиб кетилди. Расмий маълумот олиш учун қилган уринишларимиз бесамар бўлди. Айни пайтда Ўзбекистон бош прокуратурасининг 2005 йил июлида берган баëнотига эътибор қилсак.

"Бош прокуратура шуни маълум қиладики, ғарб давлатлари босими ва жамаоатчилик ташкилотлари тасирида 439 нафар ўзбекистон фуқаролари қирғизистондан Руминияга олиб кетилди. Улар орасида қотиллар ва террорчилар бор."

Бош прокуратура матбуот котиби БМТнинг қочқинлар идорасини террорчиларга ҳомийлик қилган деб айблаган эди.
XS
SM
MD
LG