Линклар

Ливандан Сурия ва Кипрга қочмоқдалар


Исроил Ливанни бомбардимон қилишни давом эттирар экан, ўн минглаб одам бу мамлакатдан қўшни Сурияга ҳамда Кипрга қочмоқда.

АҚШ, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар Ливанда истиқомат қилиб келаётган фуқароларини эвакуация қилиш учун ҳарбий кемалардан фойдаланмоқда.

Қочқинларга бироз бўлсада қулайлик яратиш учун Сурия чегарасида божхона расмиятчиликлари озайтирилган, Дамашқда университетлар ётоқхоналари, меҳмонхоналар, масжидлар ва черковлардан қочқинларга жой берилмоқда.

"Сурия ўн минглаб қочқинни бағрикенглик билан кутиб олишни бошлади". Кўпчилик худди шундай фикрни билдирмоқда.

Дамашқдаги "Меридиан" меҳмонхонаси менежери Hazem Sebai Озодлик мухбирига бундай деди:

- Икки кун муқаддам, туризм вазири муовини ўтказган йиғилишда ливанликларга ёрдам берадиган махсус гуруҳ туздик. Туризм вазирлиги ҳукумат билан ҳамкорликда Дамашқда 500та хона ҳозирлади, масжидлар, черковлар ҳам ливанликлар учун очиқ. Ажратилган барча жойлар қочқинлар учун бепул.

Дамашққа эндигина етиб келган ливанлик аёл Maria Haidar бошидан кечиргани даҳшатни эслаб, буларни айтди:

- Кеча устимизга бомба ташлашди. Бомбардимон қилишди. Лекин биз омон қолдик. Биз йўлда эдик ва улар Ливандан чиқаётган машиналарнинг устига бомба ёғдиришди. Кўчадаёқ ўлиб қолган одамларни мен биринчи марта кўрдим. Мен портлатиб юборилган сариқ таксини кўрдим, Сурияникиди у. Мен бошқа бир таксида, сингилчам билан биргайдим. У эндигина учга кирган. Учга кирган холос у. Шу ёшида кўрди у даҳшатни.

Кипрнинг ливанлик қочқинларсиз ҳам шу кунда ташвиши бошидан ортиб ётган эди. Бироқ бу ширин ташвишлар, 2 миллиондан ортиқ ҳорижий сайёҳлар билан боғлиқ ташвиш эди. Энди уларнинг сафига қочқинлар қўшиладиган бўлди.

"Кипр ҳафталиги" газетаси журналисти Charlie Charalambous мамлакатдаги вазиятни бундай тасвирлайди:

- Бугун Ливандан британияликларни эвакуация қила бошладилар. Британиянинг ҳарбий кемаси бугун эрталаб Лимассол портига кириб келди. Кемада тахминан 170 киши бор эди. Афтидан британияликлар бу йўналишдаги ишларини кучайтирадиган кўринади. Яна 6 та ҳарбий кемага кўзим тушди. Яқин икки кун ичида 5 мингга яқин британияликнинг Кипрга кўчирилиши кутилаяпти.

Charlieнинг айтишича, 19 июль куни кечга яқин мингга яқин америкаликнинг ҳам Кипрга келтирилиши кутилаётган эди.

Бу мамлакатга етиб келган ливанлик қочқинлар орасида болалар ҳам кўп. Улар аксариятининг ота-онаси Ливанда қолган.
- Кеча Франциянинг бир кемаси келди. Унда 400 нафар атрофида бола бўлиб, улардан 200 нафари ёлғиз келди. Ота-оналари болаларини жўнатиб, ўзлари қолаверган, - деди кипрлик журналист Charlie.

Айни пайтда Ливанда яшаётган ҳорижликларнинг ҳаммаси ҳам хавфсиз жойга қочиш имконига эга эмас. Уларнинг етарли маблағи йўқ. Худди шунингдек, ўз фуқароларини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетишга қурби етмаётган давлатлар ҳам бор.

Бундай давлатлар ҳукуматлари ёрдам сўраб Халқаро миграция ташкилотига мурожаат қилди. Бу мурожаатга жавобан ташкилот тузган ишчи гуруҳ Ливандан чиқолмаётганлар аҳволини ўрганади ва уларни кўчириш режасини ишлаб чиқади.

Халқаро миграция ташкилоти вакили Jemina Pandyaнинг айтишича, ташкилотдан ёрдам сўраб Шри-Ланка, Филиппин, Бангладеш ва Молдова ҳукуматлари мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG