Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:39

Брюссель Бишкекни мақтади


"Озодлик" Қирғизистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида, демократик ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилаётган ягона давлат сифатида, Европа Иттифоқининг олқишига сазовор бўлди.

Қирғизистон делегацияси билан Европа Иттифоқининг юқори лавозимли расмийлари ўртасида 18 июль куни Брюсселда сўзлашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувда Иттифоқ расмийлари Қирғизистонга кенг кўламли ёрдам ажратишга ваъда берди.

Сешанба куни ўтказилган учрашувда кейинги пайтларда Қирғизистонда амалга оширилаётган демократик ва иқтисодий ислоҳотларга Европа Иттифоқи раҳбарияти вакиллари яхши баҳо берди.

Учрашувда қатнашган Иттифоқ делегацияси раҳбари, Финляндия Ташқи ишлар вазири Пертти Торстила "Европа Иттифоқи Қирғизистон ўз бошидан кечираётган қийинчиликларни тушунади", деб писанда қилар экан, ўз фикрини мана бундай давом эттирди:

- Биз Қирғизистон ўз ривожланишида дуч келган даврнинг мушкуллигини тушуниб турибмиз ва мана шундай шароитда Қирғизистон ҳукуматининг коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши олиб бораётган курашини қўллаб-қувватлаймиз.

Фикрини давом эттирар экан, у Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистонга ўзгача баҳо берди:

- Қирғизистон минтақадаги мамлакатлар орасида алоҳида ажралиб туради. Норозилик акциялари ва намойишлар ўтказаётганларга нисбатан Қирғизистон расмийларининг муносабати бошқаларга намуна бўлгудай. Бироқ биз, мамлакатдаги сиёсий вазиятни барқарорлаштириш учун имкониятларни топиш лозимлигини таъкидлаймиз.

Айни пайтда Европа Иттифоқининг айрим амалдорлари хос суҳбатлар чоғида "рангли инқилоблар бўлиб ўтган Украина ва Грузия билан Қирғизистон орасидаги фарқ сезиларли эканини таъкидлаб ўтди.

Улардан бири эса, ҳатто: - Қирғизистондаги аҳвол ўнгланиб кетишига ишонч бор, лекин туннелнинг охирида ёруғлик ҳозирча кўринай демаяпти, Европа Иттифоқи март инқилобидан кейин катта ўзгаришлар юз беришини кутди, лекин ўша ўзгаришлардан ҳанузгача дарак йўқ, - деди.

Қирғизистон делегацияси бошлиғи, биринчи вице-бош вазир Данияр Усеновнинг айтишича, Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашувда 40 дан зиёд масала муҳокама қилинди.

- Европа Иттифоқи билан алоқаларимизда иқтисодий омил кучлироқ бўлишини, Иттифоқдан сармоялар жалб этишни хоҳлар эдик. Иттифоқдан хусусий тадбиркорларни Қирғизистонга жалб этмоқчимиз. Биздаги ҳуқуқий база, солиқ сиёсати соҳасида ўтказган ислоҳотларимиз бунинг учун кенг имкониятлар очиб қўйган, - деди Қирғизистон делегацияси бошлиғи.

Биринчи вице-бош вазир Данияр Усеновнинг айтишича, Қирғизистон томони Европа Иттифоқини қизиқтириши мумкин бўлган бир қатор лойиҳаларни таклиф қилган.

Қирғизистон – Европа Иттифоқи сўзлашувлари якунида Иттифоқ расмийлари бир қатор соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Қирғизистонга молиявий ёрдам беражагини билдирди. Иттифоқ расмийларига кўра, бу кўмакнинг Қирғизистон жазони ўташ тизимида ислоҳот ўтказиш, энергетика секторини ривожлантириш, республикада қашшоқликка барҳам беришга ёрдами тегади.
XS
SM
MD
LG