Линклар

logo-print

“ВимпелКом” Ўзбекистонда “Билайн” савдо маркаси остида хизмат кўрсатади

  • Озодлик

Ўтган йили Россиядаги йирик уяли алоқа компанияларидан бири МТС Ўзбекистон бозорига кириб келган эди. Компания мамлакатдаги биринчи уяли алоқа Уздунробитага қарашли акциянинг 74% ини сотиб олганини эълон қилган эди. Бугун Уздунробита МТС номи остида ишламоқда.

Кузатувчилар томонидан истиқболли уяли алоқа бозорига эгалиги айтилаётган Ўзбекистонга энди “ВимпелКом” кириб келгани ва ушбу ширкат бирамасига иккита уяли алоқа компаниясини бирлаштириб “Билайн” савдо маркаси остида фаолият юритиши кутилмоқда.

Россиядаги йирик уяли алоқа операторларидан бири “ВимпелКом” Ўзбекистонда унга тегишли бўлган иккита уяли алоқа компанияси "Бузтел" ҳамда "Юнител" ни бирлаштиргани ҳақида маълумот тарқатилди. Бироқ “ВимпелКом” расмийлари ушбу маълумотнинг нотўғри экани ва бу борадаги музокаралар шу ҳафта охирларида якунланишини таъкидламоқда.

Шу йилнинг феврал ойида Россиядаги “Билайн” уяли алоқа компанияси номи остида ишловчи “ВимпелКом” Грециянинг Germanos S.A. ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан Ўзбекистонда мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича иккинчи ўринда турувчи "Юнител" уяли алоқа компаниясини 207,7 миллион АҚШ доллари, январ ойида эса катталиги бўйича 4 ўринда турувчи "Бакри Узбекистан Телеком" ("Бузтел") ширкатини 62,4 миллион АҚШ долларига сотиб олган эди.

Энди эса, "ВымпелКом" "Бузтел"ни "Юнител" билан бирлаштиргани ҳамда "Билайн" савдо маркаси остида хизмат кўрсатишини маълум қилди.

“Юнител” уяли алоқа компаниясининг ходими Мария гапиради:

”Маълум бир вақт келиб ўзгаришлар юз беради ва бу ҳақда биз барча мижозларни хабардор қиламиз. Бузтел компаниясини ёпишади ва унинг мижозлари, агар истаса бизга ўтади. Менимча, ширкатимизни "ВимпелКом" сотиб олганини ижобий баҳолаш мумкин”, - деди Мария.

Бироқ "ВимпелКом" расмийлари Ўзбекистондаги мазкур иккита уяли алоқа ширкатининг бирлаштирилганини инкор этмоқда.

Компаниянинг жамоат билан алоқа ўрнатиш бўлими ходими Юлия Остроухова Озодликка берган интервюсида мана буларни айтди

"Матбуотда унча ҳам тўғри бўлмаган маълумот тарқатилган. Аслида “Юнител” ва “Бузтел” компаниялари бирлаштирилиш босқичида турибди. Биз яқин орада, балки шу ҳафта охирларида бу ҳақда аниқ бир тўхтамга келамиз деган умиддамиз. Биз иккала компанияни сотиб олаётганимизда, кейинчалик уларни бирлаштиришимиз ҳақида эълон қилган эдик. Иккала компаниянинг ўзига яраша устунликлари бор", - дейди Юлия Остроухова.

Биз "ВимпелКом" ходимидан нима сабабдан компаниянгиз Ўзбекистон уяли алоқа бозорига қизиқмоқда, деб сўрадик.

"Бизнинг ушбу иккита компанияни сотиб олишимиз, ривожланиш стратегиямизга тўғри келади, деб айтиш тўғри бўлса керак. Ўзбекистон уяли алоқа бозорининг истиқболли эканини ҳ ам айтиб этиш жоиз. Бу мамлакат Украина ва Қозоғистондан сўнг, уяли алоқа бозори бўйича МДҲ ҳудудида учинчи ўринни эгаллайди. Шунинг билан бирга мамлакатда уяли алоқа ривожланиш дастури етарли даражада олиб борилмаяпти. Шу сабаб, ушбу мамлакат бозори катта истиқболларга эга деб ҳисоблаймиз", - деди Юлия Остроухова.

Россиядаги AC&M консалтинг бюро тарқатган маълумотларга кўра, июн ойининг бошида "ВымпелКом" нинг Ўзбекистондаги мижозлари сони 480мингтага етган. Улардан 400 мингга “Юнител” абонентлари экани айтилади.

"ВимпелКом"нинг МДҲдаги асосий рақиби МТС ширкати эса Ўзбекистондаги "Уздунробита" уяли алоқа компаниясини сотиб олган. Мазкур ширкат 670 000 мижозга хизмат кўрсатади.

Жаҳонгир 5 йилдан буён "Уздунробита" уяли алоқа компаниясида фаолият юритиб келади. У мамлакатдаги уяли алоқа компанияларини ҳорижий ширкатлар томонидан сотиб олинишига ижобий баҳо беради.

Олдинлари хабарингиз бўлса, "Уздунробита" тармоғидаги чиқиш ва кириш қўнғироқларининг бир дақиқаси 10-12 цент турар эди. Ҳозир, айтайлик МТС сотиб олгач, 2 центга тушди. Бунинг устига алоқа сифати яхшиланди. Ҳозир республиканинг истаган ҳудудига боринг, уяли алоқадан бемалол фойдалансангиз бўлади. Мижозлар ҳам хурсанд. Менимча, Билайн ҳам Ўзбекистонга кирса, унинг мижозлари ҳам ўзларини анча енгил ҳис қила бошлайди, дейди Жаҳонгир.

Ўзбекистонда бугунга келиб 5та уяли алоқа компанияси хизмат кўрсатади. Ушбу компания хизматларидан эса, 1,3 миллион одам фойдаланади.
XS
SM
MD
LG