Линклар

Ўзбекистон ҳамкорликни истамаётир

  • Садриддин Ашур

Ҳозирги кунда Тожикистон билан Ўзбекистон наркотикларни назорат қилиш соҳасида деярли ҳамкорлик қилмаётир. Аниқроғи, Ўзбекистон бу соҳада ҳамкорлик қилишни хоҳламаяпти.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлигининг Сўғд вилояти бўлими бошлиғи генерал Шеравлиё Мирзоавлиёев шундай баёнот берди.

Генералнинг сўзларига кўра, агентлик Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот органлари билан изчил ҳамкорлик олиб боради. Лекин бу ҳамкорликдан фақат Ўзбекистон мустасно бўлиб қолмоқда.

“Очиқ-ойдин айтмоқчиман. Ўзбекистон билан ҳеч қандай ҳамкорлик алоқаларимиз йўқ. Агентлик кенгаши томонидан бу қўшни давлатга бир қанча таклифлар, бирга фаолият кўрсатиш ҳақида истаклар билдирилган эди. Афсуски, бу таклифларга ҳеч қандай жавоб бўлмади”, - деди генерал.

“Озодлик” радиосининг икки мамлакат ҳамкорлик қилмаса, наркотик айланишига қарши қандай қилиб жиддий кураш олиб бориш мумкинлиги тўғрисидаги саволига жавоб берар экан, Ш.Мирзоавлиёев маълум даражада норасмий алоқалар мавжудлигини тан олди.

“Агентликнинг барча ходимлари қондош ва жондош бўлган қўшни давлат билан ҳамкорлик қилишни чин дилдан хоҳлайди. Биз ҳеч қачон улардан узилиб қолишни истамаймиз. Биласизми, ходимларимизнинг бир пайтлар академияда, олий ўқув юртларида бирга ўқиган таниш-билишлари орқали қоғозсиз, имзосиз ҳамкорлиги бор. Яъни умумий мақсад йўлида бир-биримизга ёрдам бериб турамиз”, - деди генерал.

Ш.Мирзоавлиёев Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлгандан кейин унда белгиланган барча ҳужжатларга имзо чекиши, чегаралар очилиши ва ўзаро ҳамкорлик яна йўлга қўйилишига умид билдирди.

Унинг таъкидлашича, Тожикистонда наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланадиган жиноий гуруҳлар қандай бўлмасин бу оғуни Афғонистондан тожик тупроғи орқали олиб ўтишга уриняпти. Ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳам уларнинг ҳамтовоқлари бор.

“Афсуски, давлат идораларида уларнинг ҳомийлари бор. Биздаги ахборотларга кўра, Сўғд вилоятининг ҳуқуқ-тартибот органларида уларнинг суянган тоғлари бор. Балки агентликда ҳам бордир ундайлар. Биз ҳозир ана шундай ҳолатларни йўқотиш чораларини кўряпмиз”, - деди генерал.

Жорий йилнинг олти ойи давомида Сўғд вилоятида 212 килограмм наркотик модда ушлаб қолинди. Тезкор тадбирлар натижасида учта йирик жиноятчилар гуруҳи қўлга олинди. Бу гуруҳлардан бири уюшган тарзда наркотик моддаларни мамлакат жанубидан Хўжандгача олиб келиш ва ундан сўнг Ўзбекистон ва Россияга ўтказиш билан шуғулланган.
XS
SM
MD
LG