Линклар

Яқин Шарқда “Ҳизбаллоҳ” ва Исроил армияси бир-бирига ҳужум қилишда давом этаётир.


Исроил ҳарбийлари отган бомбалар “Ҳизбаллоҳ” жангарилари яширингани гумон қилинган жойларга бориб тушди. Кишилар ўртасида қурбонлар бўлгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг Ливан жанубига қилган ҳужуми оқибатида эса уч киши ҳалок бўлди.
Ўз навбатида, “Ҳизбаллоҳ” жангчилари отган икки ракетанинг Исроилнинг Ҳайфа шаҳрига тушиши оқибатида икки киши қурбон бўлди.
Айни пайтда Ливан жанубида БМТ ходимининг яралангани ҳам хабар қилинмоқда.
БМТнинг гуманитар ёрдам кўрсатиш ишлари бўйича мутасаддиси Ян Эгеланд Байрутнинг Исроил ҳарбий ҳаво кучлари томонидан бомбардимон қилинган мавзеларига борди. У ҳужумлар оқибатида юзага келган вазиятни “инсониятга қарши жиноят”, дея таърифлади.
БМТ Ливан айни пайтда инсонпарварлик ëрдамига муҳтож экани ва ярим миллионга яқин одамнинг қочқинга айланганини маълум қилган эди.
Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасида юзага келган можаронинг ўн биринчи куни ўтиб бормоқда.
Исроил ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида 358 киши ҳалок бўлгани, уларнинг аксарияти тинч фуқаро экани айтилади.
“Ҳизбаллоҳ”нинг ракета ҳужумларидан эса исроиллик 34 киши ўлди.
Исроил мудофаа вазири Амир Перес НАТО кучларининг Ливан жанубига жойлаштирилишини маъқуллади.
Исроилнинг “Ҳаарец” газетаси А.Перес сўзидан иқтибос келтирар экан: “Ливан армиясининг сустлиги сабаб НАТО кучларининг мамлакатга жойлаштирилишини тўғри”, - деб ëзади.
А.Перес, шунингдек, Ливанга қарши бошланган ҳужумлар давом этишини билдирди. Унинг айтишича, асосий мақсад можарони имкони борича дипломатик йўл билан бартараф этишдир.
Айни пайтда Ливан ташқи ишлар вазири Фаузи Саллуҳ “Ҳизбаллоҳ” томонидан асирга олинган исроиллик ҳарбийларнинг аҳволи яхши эканини маълум қилди. У БМТ ëки учинчи мамлакатга мурожаат қилиб, маҳбуслар алмашинуви бўйича музокаралар бошлашга ëрдам беришни сўради.
“Ҳизбаллоҳ” асирга олинган исроиллик икки ҳарбийни қўйиб юбориш эвазига Исроил қамоқхоналаридан араб маҳбуслари озод этилишини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG