Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:47

Европаликлар музокараларга бош қўшди


Франция, Германия ҳамда Буюк Британиянинг махсус вакиллари Исроил ҳамда “Ҳизбаллоҳ” ўртасидаги можароларни дипломатик йўллар орқали ҳал этиш мақсадида Исроил расмийлари билан музокаралар бошлади.

Франция ташқи ишлар вазири Филип Дуст Блази ҳамда унинг британиялик ҳамкасби Ким Ҳовелснинг Исроил ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Тзипи Ливни ҳамда ҳукуматнинг бошқа расмийлари билан учрашиши кутилмоқда.

Германия дипломатияси раҳбари Франк Уолтер Штенмейер эса Қуддусда Исроил мудофаа вазири Амир Перес билан учрашди.

Гарчи А.Перес юзага келган можарони дипломатик йўллар билан ечишни маъқуллаган бўлса-да, Исроил ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмаслигини билдирди.

“Биз ҳарбий ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Мақсад кенг дипломатик платформа яратишдир. Биз олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз. Биз ҳарбий амалиëтлар силсиласида халқаро дипломатик уринишлар ўз самарасини беряпти, деб ҳисоблаймиз”, - деди А.Перес.

АҚШ ҳам Исроилнинг ҳарбий амалиëтларини қўллаб-қувватламоқда.

Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари оқибатида эса Ливандаги гуманитар вазият тобора ёмонлашиб бормоқда.

Ливаннинг Сидон шаҳри маҳаллий маъмурияти раҳбари Абдул Раҳмон ал-Басрий “Рейтерс” ахборот агентлигига берган интервюсида минглаб кишилар гуманитар ëрдамга муҳтожлигини айтди.

“Марказий маъмурият, яъни Байрут одамларга етарлича ëрдам кўрсата олмаяпти. Ҳукумат томонидан кўрсатилаëтган ëрдамлар жуда кеч келяпти ва улар етарли эмас. Аммо биз халқаро жамоатчиликдан ҳам ҳеч қандай ëрдам олаëтганимиз йўқ. Энди-энди ноҳукумат ташкилотлар шаҳарда пайдо бўла бошлади. Улар вазиятни ўрганмоқда, аммо улар кўрсатаётган ëрдам камлик қилиши ва кеч кўрсатилишидан хавотирдаман”, - деди ал-Басрий.

АҚШ президенти Жорж Буш ўзининг ҳафталик радиомурожаатида давлат котиби Кондолиза Райсни минтақага жўнатаëтгани ва “Ҳизбаллоҳ” билан тинчликка имзо чекиб бўлмаслигини таъкидлади.

“Минтақа раҳбарлари билан юзага келган можарони бартараф этишнинг энг тўғри йўлларини муҳокама қилиш мақсадида мен К.Райсни Яқин Шарққа жўнатяпман. Райс бўҳронни ҳал этиш учун террорчилар ва уларни қўллаб-қувватлаëтган одамларга қарши туриш кераклигини етказади. Кўп йиллар мобайнида Сурия “Ҳизбаллоҳ”нинг ҳомийси бўлиб келди ҳамда Эронда ишлаб чиқилган қурол-аслаҳаларни уларга етказишда воситачи ролини бажарди. Эрон ҳам ядровий дастури устида иш олиб бораëтгани ҳамда террорчи ташкилотларга ëрдам бериши билан халқаро жамоатчиликни хавотирга солиб келмоқда. Уларнинг ҳаракатлари бутун Яқин Шарққа таҳдид солмоқда ва юзага келган бўҳронни бартараф этишда тўсқинлик қилмоқда”, - деди Жорж Буш.

Жорж Буш, шунингдек, Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасида юзага келган можаронинг Ливандаги ëш демократияга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди. У “Ҳизбаллоҳ” Ливанга “дўст эмаслиги”ни таъкидлади.

Ўз навбатида, ўтган жума куни К.Райс ўт очишнинг тўхтатилиши “Ҳизбаллоҳ”га келажакда Исроилга қарши ҳужумларни қайта бошлашга имкон бериши мумкинлигини айтган эди.

Исроил ҳарбийлари эса Ливанга қарши ҳаракатларни тўхтатмоқчи эмасга ўхшайди. Якшанба куни улар “Ҳизбаллоҳ” жангарилари яшириниб олгани гумон қилинаëтган Сидон порти ҳамда Байрут ва Баалбек шаҳарларига ҳаводан зарбалар берди. Бир кун аввал исроилликлар “Ҳизбаллоҳ”га қарашли ракеталар жойлаштирилгани тахмин қилинган Моурун ал-Рас қишлоғига ҳаводан ҳужум уюштирганди.

“Ҳизбаллоҳ” ҳам жим ўтиргани йўқ. Якшанба куни ушбу ташкилотнинг Ҳайфага ракеталар отиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG