Линклар

Яқин Шарқдаги вазият кескинлигича қолмоқда

  • Озодлик

Айни пайтда жаҳон ҳамжамияти Исроил – Ливан можаросини ҳал қилиш учун дипломатик ҳаракатларни кучайтирмоқда.

Мана энг сўнгги хабарлар:

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс бугун Байрутда Ливан бош вазири Фуад Синиора билан, Европа Иттифоқи раҳбарияти аъзоси Хавьер Солана эса Ливан парламентидаги етакчи фракция лидери Саад Ҳаририй билан учрашди.

БМТ нинг Гуманитар ёрдам масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Ян Эгеланд Байрут яқинидаги Исроил ҳужумига учраган районларни 23 июль куни бориб кўргач, журналистларга бундай деди:

- Бу бир неча кундан буён давом этмоқда. Ярим миллиондан бир миллионгача бўлган ливанлик ёрдамга ўта муҳтождир. Уларнинг орасида тиббий ёрдам ололмаётган ярадорлар, ичимлик сувисиз қолганлар бор. Энг аввало, қамал қилинган районларда ўн минглаб одам ҳар томондан очилаётган ўт остида қолганини айтишим керак. Айниқса, Байрутнинг маҳаллалари ва мамлакат жанубида вазиятнинг кескинлигини айтиб ўтмоқчиман.

Ана шундай шароитда АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс 24 июль куни Байрутга сафар қилди. Бу ташриф тўғрисида аввалдан хабар қилинмаган эди.

Райс минтақадаги вазиятни изга солиш юзасидан Ливан бош вазири Фуад Синиора билан учрашиб, сўзлашувлар ўтказди.

Қўшма Штатлар минтақадаги вазиятни ҳал қилишнинг ечими сифатида "Хизбуллоҳ"нинг Ливан жанубидан туриб Исроилга ракета ҳужумларини амалга оширишининг олдини олишни кафолатловчи қарор қабул қилинишини истамоқда.

Афтидан, Исроил учун ҳам айни шундай қарор керак. Ҳар ҳолда Ташқи ишлар вазири Ципи Ливни эса мана бу гапни айтди:

- Биз "Хизбуллоҳ"ни тарқатиб юбориш ва мазкур гуруҳ жанггариларини Ливан жанубидан чиқариб юбориш тўғрисидаги БМТ резолюциясининг ҳамда бу масаладаги ўз ваъдасининг амалга оширилиши йўлида Ливан ҳукуматига кўмаклашиш масаласини халқаро ҳамжамият билан билан муҳокама қилмоқчимиз.

Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштиришга Европа Иттифоқи раҳбарияти ҳам ҳаракат қилмоқда.

Иттифоқ раҳбарияти аъзоси Хавьер Солана Ливан парламентидаги етакчи фракция лидери Саад Ҳаририй билан Байрутда учрашди. Сўзлашувлардан сўнг у Исроил – Ливан можаросини ҳал қилиш мақсадида Европа Иттифоқи БМТ билан ҳамкорликда тинчлик ўрнатувчи кучлар концепциясини ишлаб чиқмоқда, деб баёнот берди.

- Бу осон иш эмас. БМТ Хавфсизлик кенгаши хомийлигида ҳаракат қиладиган бундай куч концепцияси устида ўтган чоршанбадан бери ишлаяпмиз. Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатлари бу ишда бизга ёрдам беради, деб умид қиламан, - деди Солана Ливан парламентидаги етакчи фракция лидери Саад Ҳаририй билан Байрутда ўтказган сўзлашувларидан кейин.

Буюк Британия бош вазири Тони Блэр халқаро ҳамжамият яқин кунлар ичида Исроил – Ливан можаросини ҳал қилиш режасини тақдим этади, деб ишонч билдирди.

- Биз ҳарбий ҳаракатларнинг зудлик билан тўхтатилишига имкон берувчи режани амалга оширишга ҳаракат қилиб келдик, бу ҳаракатларимиз давом этаяпти. Бу, албатта, можарога алоқадор ҳар икки томонга тааллуқлидир, - деди Блэр.

Буюк Британия бош вазири Ливандаги вазиятни мамлакат учун ҳалокат, деб баҳолади.
XS
SM
MD
LG