Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:18

Путин Ўзбекистонга “добро” берди


26 июль куни Россия президенти Владимир Путин Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини ташкил этиш шартномасига Ўзбекистоннинг қўшилиши тўғрисидаги протоколни ратификация қилиш ҳақидаги федерал қонунни имзолади.

Ўзбекистон жорий йилнинг 25 январида мазкур ҳамжамиятга қўшилган эди.

В.Путин имзолаган қонун Ўзбекистонга Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти фаолиятига тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини беради. Ҳамжамиятга қўшилгач, расмий Тошкент ташкилот доирасида қабул қилинган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкентнинг ташкилотга аъзо бўлиши постсовет ҳудудида интеграциявий жараëнларга ва ташкилотнинг жадал ривожлантиришига ҳисса қўшишини айтган эди.

Ташкилот қоидаларига кўра, ҳар бир мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам унга аъзо бўлиши билан ўнлаб ҳужжатларни имзолаши керак.

Бироқ айрим таҳлилчилар Ўзбекистон ташкилот шартларини, яъни жорий йил охирига қадар 70 шартномани қабул қилишга қодир эмас, деб ҳисоблайди.

Сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон мазкур ташкилот ишига фаол қатнашишга ҳали тайëр эмас ва фаол қатнаша олмайди ҳам демоқда.

“Ҳеч бир мамлакат¸ агар унинг иқтисоди бошқа мамлакатларникига қараганда рақобатбардош бўлса¸ уни бошқалардан беркитмайди. Ўзини яккалаб қўймайди. Демак¸ қайси бир мамлакатнинг иқтисоди рақобатга чидамаса¸ у кучсизлигини инобатга олиб ўз чегарасини ëпиб қўяди. Ўзбекистон ҳам айни аҳволда. Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисодини қанчалик ачинарли аҳволга олиб келганини ўзи ҳам яхши билади. Шунинг учун мамлакат ҳеч қачон ташкилот фаолиятида тўлақонли иштирок эта олмайди”, - дейди Т.Йўлдошев.

Т.Йўлдошев Ўзбекистон бу ташкилотга фақат сиёсий манфаатларни кўзлаб аъзо бўлганини қўшимча қилади.

“Ўзбекистон иқтисоди мингта тиркович билан сақланиб турибди. Агар Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига кириб¸ озгина бўлса ҳам чегарасини очса¸ унинг иқтисоди ўпирилиб тушади. Масалан¸13 йил давомида Ўзбекистон миллий валютаси миллион марта қадрсизланди. Банк соҳаси¸ молия соҳасининг қандай аҳволдалигини мутахассислар яхши тушунади. Улар ўлар ҳолатда. Бугун авторитар тизим ҳамма қонунларни фақатгина ўзига мослаштирган. Шунинг учун И.Каримовнинг авторитар режими бор экан, ҳеч қачон ҳамжамиятга тўлақонли аъзо бўлиб қўшила олмайди”, - деди Т.Йўлдошев.

Ўзбекистон жорий йил охиригача қабул қилишини кўпчилик кутаëтган ҳужжатлар орасида аъзо давлатлар билан эркин савдо ҳудудига мослашиш, мавжуд виза тартибларини бекор қилиш (Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари учун виза тартибини бекор қилмаган), божхона тарифларини мувофиқлаштириш, муҳожирларни ижтимоий ҳимоялаш масалалари, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларига оид ислоҳотларни амалга ошириш ҳақидаги яна кўплаб келишувлар бор.

Ўзбекистоннинг ҳамжамиятга аъзо бўлганини нафақат ўзбекистонликлар, балки унга қўшни Тожикистон ва Қирғизистон аҳолиси, айниқса, у ерда яшовчи ўзбекларнинг катта қувонч билан кутиб олгани айтилади. Чунки ушбу мамлакат фуқаролари тез орада виза тизими бекор қилиниши ва фуқароларнинг борди-келди муаммоси енгиллашишига умид билдираëтган эди.

Бироқ Тошкент виза тартибини бекор қилишни пайсалга солаëтгани бу умидларни пучга чиқарди.

“Тожикистонда 1¸5 миллионга яқин ўзбек яшайди. Биз Каримов сиëсатидан уяламиз. Биз ўзбеклар шу ерда яшаб¸ ўз ватанимизга боришга ҳақсиз бир аҳволда яшаяпмиз. Ахир И.Каримов шуларни ўйламайдими? Наҳотки қариндош-уруғларга нисбатан шундай сиëсат юритилса?” - дейди тожикистонлик ўзбеклардан бири.
XS
SM
MD
LG