Линклар

logo-print

НАТО Ливанга қўшин жўнатишга шошилмаяпти

  • Ҳасанжон

Ливан жанубида Исроил армияси ва “Ҳизбаллоҳ” жангарилари ўртасида тўқнашувлар авж олиб бораётган бир пайтда юзага келган бўҳронни ҳал этишда дипломатик уринишлар давом этмоқда.

Кўпчилик НАТО Ливаннинг Исроил билан чегара ҳудудларига ўз кучларини жойлаштиришига умид қилмоқда. Исроил ва АҚШ бу фикрга қарши эмас. Бироқ НАТО давлатлари бу борада ҳалигача қарор қабул қилгани йўқ.



Чоршанба куни НАТОга аъзо 26 давлат элчилари Брюсселда учрашиб, Ливанда юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

НАТО матбуот вакили Жеймс Аппартурай сўзлашув чоғида Яқин Шарқда юзага келган сўнгги вазият муҳокама қилингани ва эътибор асосан гуманитар ёрдам кўрсатиш масалаларига қаратилганини маълум қилди.

Ж.Аппартурай НАТО кучлари воқеалар ривожига аралашиш ниятида эмаслигини алоҳида таъкидлади.

“НАТО БМТ томонидан мандат берилишини кутаётган ташкилот эмас. Биз шуни аниқ айтишимиз керакки, миссия мандати фақат БМТ томонидан берилади. Айтишим лозимки, НАТО бундай мандатни қўлга киритишга умид қилаётгани йўқ. НАТО ташкилот сифатида иттифоқ таркибига кириш ҳақида ўйлаётгани йўқ”, – деди Ж.Аппартурай.

Ж.Аппартурай НАТОга аъзо давлатлар Яқин Шарқда юзага келган бўҳронни ҳал этишда фаол иштирок этиш масаласини сиёсий даражада муҳокама қилмагани, шунингдек, ҳарбий соҳада ҳам бирор чора кўриш режаланмаганини билдирди.

Бироқ НАТО бош котиби Яаап де Ҳооп Схеффер ташкилотга аъзо давлатлар Ливан масаласида узил-кесил қарор қабул қилмаганини айтди.

НАТОга аъзо аксарият давлатлар Ливанда юзага келган бўҳронни ҳал қилишда ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирган. АҚШ ўз қўшинларини минтақага жўнатиши мунозарали бўлгани боис, Вашингтон расмийлари НАТО кучлари жойлаштирилишини қўллаб-қувватлади.

Чоршанба куни Франция президенти Жак Ширак НАТО Ливанга халқаро кучлар сифатида жойлаштирилиши керак эмаслигини, чунки кўпчилик НАТОни Ғарб давлатларининг ҳарбий ташкилоти сифатида қабул қилишини айтди.

НАТОга аъзо бўлган яна бир етакчи давлат Германия Яқин Шарққа қўшин жўнатиш ниятида эмаслигига ишора қилди. Буюк Британия эса Ироқ ва Афғонистонга кўп сонли қўшин жойлаштиргани сабабли Ливанга ўз ҳарбийларини жўната олмаслигини билдирди. Нидерландия ҳам Афғонистонга кўп сонли қўшин жойлаштирганини баҳонасида Ливан учун ҳарбий куч ажрата олмаслигини маълум қилди.

НАТО расмийларидан бири фикрича, ташкилот Афғонистонда 37 давлат иштирокида тузилган коалиция кучлари каби халқаро кучларни ташкил этиб, Ливанга жойлаштириши мумкин.

НАТО расмийси бу миссия учун Миср қўшин ажратиши мумкинлигини айтди.

Европа Иттифоқидаги бир манба “Озодлик” радиосига Европанинг НАТОга аъзо бўлмаган Финляндия, Швеция ва Ирландия каби нейтрал давлатлари Ливанга ўз қўшинларини жўнатиши мумкинлигига ишона қилди. НАТО аъзоси бўлган Италиянинг бу миссияни бажаришда фаол иштирок этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG