Линклар

logo-print

АҚШ ШҲТдан ортиқча хавотирланмайди

  • Фаррух Юсуфий

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Стивен Манн мамлакат Конгресси олдидаги чиқишида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти борасида ортиқча хавотирланмаса ҳам бўлиши ҳақида баёнот берди.

Унинг айтишича, Шанхай клуби аъзоларининг НАТО ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига нисбатан ижобий муносабатлари инобатга олинса, тузилманинг Ғарбга адовати йўқлиги аён бўлади.

С.Манн Россия ва Хитой бош ролни ижро этувчи ҳамда Марказий Осиёнинг тўрт давлати - Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олувчи ШҲТ Ғарбнинг манфаатларига таҳдид соладиган ташкилот эмаслигига ишончи комил эканини билдирди.

Айни мажлисда чиқиш қилган конгрессмен Илеана Рос-Лейтинен шу йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган ШҲТ саммити тузилманинг асосий иштирокчилари бўлмиш Россия ва Хитой АҚШнинг Марказий Осиё минтақасидаги сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий мавқеини сусайтиришга уринишларини кучайтираётганини кўрсатишини таъкидлади. У АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфельд ўтган ойда бу саммитга Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг таклиф қилинганидан таассуф билдирганига ишора қилди.

АҚШ Эронни террорчилар ҳомийси ҳисоблайди ва Д.Рамсфелд террорчиликка қарши курашни мақсад қилган ташкилот йиғилишига М.Аҳмадийнажотнинг таклиф этилишида мантиқ йўқлигини айтган эди.

С.Манн Шанхай клуби ўтмишда АҚШ манфаатлари йўлида тўғаноқ бўлганини эътироф этди. Масалан, 2005 йилнинг июлида Остонадаги саммитда ШҲТ аъзолари Вашингтондан ўзининг Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларини олиб чиқишни талаб қилган эди.

Остона йиғилишидан бир ҳафта ўтар-ўтмас расмий Тошкент Вашингтондан олти ой ичида Хонободдаги ҳарбий базани бўшатиб қўйишни талаб қилди. Қирғизистон эса “Манас” аэропортидаги Ганси ҳаво базасидан фойдаланганлик учун АҚШ тўлаётган ҳақни оширишни сўради ва бундан икки ҳафта олдин бу ҳақда келишувга эришилди.

С.Манн бугунги кунда ШҲТнинг минтақадаги Америка базаларига нисбатан позицияси конструктивроқ бўлиб қолганини таъкидлади.

“Марказий Осиё давлатларининг ЕХҲТ ва НАТО каби йирик тузилмалар билан мавжуд мулоқотини сақлаб қолиш манфаатлари Шанхай гуруҳининг Ғарбга нисбатан адовати кучайишининг олдини олишга етарли эканига ишончим комил”, - дея иқтибос келтирди С.Манн сўзларидан “Ассошиэйтед пресс” агентлиги.

Бироқ минтақашунослар газ ва нефтга бой бўлган Марказий Осиё учун Ғарб билан Шарқ ўртасидаги рақобат сақланиб қолганини ва Шанхай клуби ана шу рақобат усулларидан бири эканини айтади.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтнинг таҳлилчиси Кюн Вук Пайк Марказий Осиё минтақасидаги мавқе учун курашда Ғарб ҳам, Шарқ ҳам бу ердаги давлатлар учун жозибадор сиёсатни олиб бориши лозимлигини билдирди.

“Марказий Осиё республикаларининг роли бир томондан Россия ва Хитой, иккинчи томондан Ғарб ўртасидаги мувозанатни сақлашдан иборатдир. Шунинг учун иккала томон учун ҳам Марказий Осиё мамлакатлари диққатини ўзига қаратиш ва ҳамкорлик таклиф этиш ўта муҳим масаладир”, - деди таҳлилчи.

С.Манн Конгресс аъзоларини АҚШ ШҲТдан хавотирланмаса ҳам бўлади, деб ишонтиришга уринаётган бўлса-да, Вук Пайк Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёдаги мавқеи кучайиб қолиши эҳтимоллари президент Жорж Буш маъмуриятини ташвишга солаётганига ишонмоқда.

Халқаро муносабатлар қироллик институтининг яна бир таҳлилчиси профессор Юрий Фёдоров ҳам бундай хавотирларга асос борлигини яширмади.

“Нафақат АҚШда, балки Европада ҳам бу ташкилот борасида ташвишларнинг пайдо бўлиши унинг бугунги ҳолати билан боғлиқ эмас, Ғарбни кўпроқ бу ташкилот келажакда аксиламерика ва аксилғарб кайфиятидаги давлатларни ўз ичига олувчи самарали бир ҳарбий-сиёсий тузилмага айланиши мумкинлиги хавотирлантирмоқда. Дарвоқе, бундай фикрни илгари сураётган фақатгина Ғарб эмас, Москвадаги баъзи кузатувчилар ҳам буни қўллаб-қувватлайди”, - дейди Ю.Фёдоров.

Минтақашунослар фикрича, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбойжоннинг Россия ёки Хитой таъсирига тушиб қолишини Вашингтон жуда-жуда истамайди. Қозоғистон ва Туркманистондан тўғридан-тўғри Хитойга газ қувурини ётқизиш режалари ҳам Оқ уйга ёқмайроқ турибди.

Шу ойда очилган Боку-Жайҳон-Тбилиси нефть қувури АҚШ учун стратегик жиҳатдан муҳимдир ва у бу қувурни келажакдаги орзуларининг пойдевори сифатида кўради. Озарбойжон нефть конларини Туркиянинг Жайҳон порт шаҳри билан уловчи қувур лойиҳасига Қозоғистон ҳам қўшилиш истагини билдирган.

Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларнинг Вашингтон учун ноқулай бўлган жиҳати бу мамлакатлардаги автократик режимлардир. Конгресс аъзолари билан учрашувда С.Манн АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик мақсади “тўла суверен, демократик, барқарор ва равнақ топган мамлакатларни қўллаб-қувватлашдан иборат” бўлишини айтди.

Айни пайтда Вашингтон диктаторлик ёки қисман диктаторлик режимлари билан муносабат қилишга мажбур. Бу эса Америка ва бошқа мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кескин танқидига сабаб бўлиб келмоқда.

Глобал энергия муаммоларини ўрганиш маркази таҳлилчиси Манучеҳр Такин Вашингтоннинг бундан ўзга чораси йўқлигини таъкидлайди.

“Бу аксарият ҳукуматларнинг ташқи сиёсатида кузатиладиган воқеликдир. АҚШ ҳам ана шундай ҳукуматларнинг бири, холос. Жаҳоннинг турли бурчакларидаги мамлакатларда ҳукуматлар, одамлар, идоралар, ташкилотлар турлича бошқарилади, жаҳоннинг бошқа давлатлари эса улар билан алоқа қилиши керак. Бирор ҳукуматнинг қанчалик автократик экани ёки тўла демократ бўлмагани учун у билан алоқани узиш ёки узмаслик масаласи ҳақиқий сиёсат масаласидир”, - дейди таҳлилчи.

С.Манн эса Вашингтоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлари учта устун - демократик ислоҳотлар, иқтисодий ривожланиш ва хавфсизликка таянишини таъкидлади. У бу йўналишларда Қозоғистон анча илдамлагани, лекин демократик ислоҳотлар борасида қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлади ва Ўзбекистон билан муносабатлар совуқлашгандан кейин айнан Қозоғистон Американинг Марказий Осиёдаги эътибор йўналишига айланганини айтди.
XS
SM
MD
LG