Линклар

Ўтган йили Руминияга олиб ўтилган 439 андижонлик қочқиннинг деярли бари бошқа давлатларга жойлаштириб бўлинган.


Бу ҳақда Халқаро Миграция ташкилотининг Руминиядаги идораси вакили Дениел Козак маълум қилди.
“439 ўзбекистонлик қочқин, жумладан қочқинлар лагерида туғилган бола ҳам учинчи давлатларга олиб ўтилди”, - деди жаноб Козак.
Андижондаги 13 май кунги зўравонлик пайти Қирғизистонга қочиб ўтган бу ўзбекистонликлар БМТ Қочқинлар идораси кўмагида Руминияга олиб келинган эди. Дениел Козакнинг айтишича, ҳозирда уларнинг кўпчилиги АҚШ, Австралия, Канада, Финляндия, Чехия Республикаси, Германия, Нидерландия, Швейцария ва Швецияда яшамоқда. Уч нафаригина Руминияда қолган. Бу икки андижонлик қочқиннинг соғлиги билан боғлиқ масала ҳал бўлгач улар ҳам бошқа давлатларга юборилади.
“Ҳозирда бу ерда уч ўзбек бор. Улардан бири ўпка касаллиги билан оғригани боис тиббий муолажадан ўтмоқда. Муолажа тугаши билан у ҳам Қўшма Штатларга юборилади. Қолган икки ўзбек қочқини индинга бошқа давлатга олиб ўтилади”, - деди Халқаро Миграция ташкилотининг Руминиядаги идораси вакили Дениел Козак. Аввалроқ 12 нафар ўзбек қочқини АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб борган эди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси улар ўз ихтиёри билан бу ҳақда мурожаат этганликлари ва қўлларига билет тутқазилиб ватанига қайтишларига ёрдам берилганини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG