Линклар

logo-print

Эълон этилган 48 соатлик оташкесинга қарамай Исроил авиацияси Ливанни бомбалашда давом эттирмоқда.


Бугун Исроил кучлари Ливан жанубидаги Ҳизбуллоҳ позициясига ҳаво зарбалари берди. У ердаги тинч аҳоли ҳужумлар ҳақидаги огоҳлантириш ортидан қишлоқни тарк этган.
Исроилнинг Ливанга қаратилган уч ҳафталик ҳужумларининг энг даҳшатлиси деб айтилган Кана қишлоғидаги кечаги бомбалашлар оқибатида 56 оддий фуқаро, жумладан 34 бола нобуд бўлган эди.
Исроил фожеада Ҳизбуллоҳни айблаб, қишлоқ аҳолисини бу ерни ташлаб чиқишга бир неча кун бурун даъват этганини билдирган. Ҳизбуллоҳ эса, даҳшатли қирғин учун қасос олишини айтган.
Айни пайтда Канадаги кечаги мудхиш бомбалашлар ортидан ўт очишни тўхтатиш ҳақида бир қатор баёнотлар айтилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Канада 56 нафар тинч фуқаронинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган Исроил ҳужумларини халқаро қонунларнинг бузилиши деб атади ва Исроил зудликда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини кераклигини баён қилди. Франция Бош вазири Доминик де Вилпен ҳам Исроил ва Ливан ўртасидаги можаронинг ҳал бўлиши Исроил бомбалашларининг тўхтатилишига боғлиқ эканини қайд этди..
“Можарони ҳал этиш учун Исроил ракета зарбаларини, Ливанни бомбардимон қилишини тўхтатиши, Исроил аскарини озод этиш учун сўзлашувларни бошлаши ва Ливаннинг барча худуди марказий хокимият назоратига ўтишини назарда тутувчи 1559 рақамли резолюцияни бажариши керак”, - деди Доминик де Вилпен.
Айни пайтда Франция Ташқи ишлар вазири Филип Дост-Блази Яқин Шарқ бўхронини ҳал этиш учун Эрон билан мулоқот зарурлигини айтди. Бугун Байрутда Ливан расмийлари билан сўзлашувлар олиб борган Дост-Блазига кўра, Яқин шарқ масаласида Эрон муҳим рол ўйнаши мумкин. Франция Ташқи ишлар вазирининг бугун Байрутда эронлик ҳамкасби Манучеҳр Моттаки билан учрашиши кутилмоқда. Исроил эса Эронни Ҳизбуллоҳни дастаклаётганликда айблаб келади. Исроил Мудофаа вазири Амир Перетз бу ҳақда яна бир бор айтди. Перетз таъбири билан айтганда Эрон Ҳихзбуллоҳнинг "қотиллик амалиётларини" қўллаб қувватламоқда.
XS
SM
MD
LG