Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Андижонлик қочқинларнинг деярли барчаси Руминияни тарк этди


Ўтган йили Руминияга олиб келинган андижонлик қочқинларнинг деярли барчаси учинчи давлатларга кўчириб бўлинди. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилотининг Руминиядаги идораси вакили Дэниел Козак маълум қилди.

“Бугун биз БМТнинг қочқинлар идораси ва Руминиянинг қочқинлар масаласи билан шуғулланувчи миллий идораси билан ҳамкорликда қочқинларни бошқа давлатларга олиб ўтиш ишларини расман якунладик”, - деди Д.Козак.

Бир йил аввал андижонлик қочқинлар ўқ ёмғири остида Ўзбекистондан қўшни Қирғизистонга қочган эди. Ўшанда улар қийноқлар ва энг қаттиқ жазодан қўрқиб, Қирғизистон расмийлари ва БМТдан уларни Ўзбекистонга қайтариб юбормасликни илтижо қилганди. Шундан сўнг БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги кўмагида улар Руминияга олиб ўтилди.

2005 йилнинг 29 июль куни Руминиядаги Тимишуара қочқинлар лагерига ҳаммаси бўлиб 439 андижонлик жойлаштирилди. Сал ўтиб улар орасида чақалоқ дунёга ва улар сони яна биттага кўпайди. Ҳозирда уларнинг деярли бари Руминиядан бошқа давлатларга олиб ўтилган.

“Ҳозир Руминияда уч ўзбек қочқини бор. Улардан бири ўпка касаллиги билан оғригани боис тиббий муолажадан ўтмоқда. Муолажа тугаши билан у ҳам АҚШга юборилади. Қолган икки ўзбек индинга бошқа давлатга ўтказилади”, - деди Д.Козак.

Ўзбекистонлик қочқинларнинг кўпчилигини дунёнинг ривожланган давлатлари ўз бағрига олган. Уларнинг янги ҳаёт бошлаши учун шароит яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда.

“Ўзбкистонлик қочқинларнинг аксар кўпчилигини АҚШ қабул қилди. Шунингдек, айримлари Австралия, Канада, Финляндия, Чехия, Германия, Нидерландия, Швейцария ва Швеция давлатларига олиб ўтилди”, - деди Д.Козак.

Аммо бугун андижонлик қочоқлар Ўзбекистонга қайтиш имкониятларини изламоқда. Ўтган ой ўрталарида АҚШнинг Аризона штатидан паноҳ топган 12 андижонлик Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси кўмагида ватанига қайтди. Аммо улар ватанга қайтиш истагини билдирганларнинг охиргиси эмас кўринади. Европа давлатларида яшовчи андижонликлар ҳам Ўзбекистонга қайтишни хоҳлаётганликлари ва бу ўз фарзандлари билан бирга бўлиш истагидан эканини айтган.

Европа давлатларидан бирида яшовчи Насрулло ака ҳам бундан бир йил аввал Қирғизистондан Руминияга олиб келинган ва кейинчалик Германиядан бошпана топган андижонликлардан. Унинг ҳам Ўзбекистонга қайтгиси бор.

“Соғинч бор. Агар Ўзбекистонда ўзгариш бўлса, бизни хавфсизлигимизга кафолат берилса, шахсан мен қайтар эдим”, - дейди Насрулло ака.

Уйга қайтган андижонликлар ватанда қандай кутиб олинди, улар ўз яқинлари билан кўриша олдиларми – бу ҳақда ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Қолаверса, қайтиш ниятида бўлган андижонликларни Ўзбекистонда нима кутаётгани ҳам номаълум.
XS
SM
MD
LG