Линклар

logo-print

“Newmont” Ўзбекистондан чиқиб кетиши мумкин

  • Озодлик

АҚШнинг олтин қазиб олиш бўйича дунëда иккинчи ўринда турадиган “Newmont” компанияси “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасидаги 50 фоизлик улушини сотувга қўйиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати бир муддат аввал қўшма корхонага нисбатан солиқ сиëсатини ўзгартириб, уни солиқ имтиëзларидан маҳрум қилгач, компания бундай қарорга келган.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг 30 июнига келиб “Newmont”нинг қўшма корхонадаги улуши 94 миллион доллар баҳоланади.

Компания сармоялари чиқимини қоплаш мақсадида ўз активларини сотиш ëки халқаро арбитраж судида муҳокама қилиш йўлларини ўрганмоқда.

2006 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон суди “Зарафшон-Ньюмонт”нинг давлатга 48 миллион доллар солиқ тўлаши ҳақида қарор қабул қилган эди. Қўшма корхона фаолият кўрсатадиган Навоий вилояти суди корхона 2002-2004 йилларда тўланмай қолган солиқни тўлаши ҳақидаги даъвони асосли, деб топганди.

Суд қарорига кўра, қўшма корхонанинг банкдаги ҳисоб рақамларига чекловлар қўйилган.

Эндиликда корхона банкдаги ҳисоб рақамларидан фақат солиқ тўлаш, мамлакат бюджетига пул ўтказиш ва ишчилар маошини тўлашда фойдаланаëтгани айтилади.

Таъкидлаш лозимки, шу йилнинг 17 март куни компания Ўзбекистон расмийлари томонидан 2006 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасининг самарали фаолияти ҳамда ширкатнинг ҳукумат томонидан кафолатланиши тўғрисида”ги 151-қарори кўриб чиқилиши ëки умуман бекор қилиши ҳақида огоҳлантирилган эди.

“Newmont” компанияси тарқатган маълумотларга кўра, шу йилнинг иккинчи кварталида “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасининг олтин сотиши 8 фоиз камайган. 2005 йилда корхона ишлаб чиқаришни 36 фоиз, яъни 7,7 тоннага камайтирди.

Шу йилнинг апрель ойида Россиянинг “Интеррос” холдинг ширкати “Зарафшон-Ньюмонт”га қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Бироқ “Интеррос” компанияси ходими “Озодлик”ка берган интервьюсида айни пайтда бу қизиқишлар ўз-ўзидан йўқолганини айтди.

“Компания директорлари кенгашида “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасининг улушини сотиб олиш ҳақидаги режалар бекор қилинди. Бунга анча бўлди. Ҳаттоки веб сайтимизда ҳам бу ҳақда ëзилган. Бунга ҳеч қандай изоҳ йўқ. Лойиҳани кўриб чиқишди. Натижада эса у кераксиз, деб топилди. “Интеррос” “Зарафшон-Ньюмонт” билан ҳамкорлик қилмайдиган бўлди”, - деди “Интеррос” ходими.

Американинг “Newmont Mining Corporation”, Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий тоғ-металлургия комбинати ўртасида чиқиндилардан олтин ажратиб олиш ва “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси тузиш ҳақида 1992 йил 16 январда келишувга эришилган ва ширкат 1995 йилда ишга тушган эди.
XS
SM
MD
LG