Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:13

Исроил бомбардимонларни давом эттирмоқда


Исроил ҳарбийлари Ливаннинг шарқий ва жанубий минтақаларини бомбардимон қилишда давом этиб, “Ҳизбаллоҳ” жангариларини чегарадан узоқлаштириш мақсадида Ливан ичкарисига бостириб кирмоқда.

Исроил расмийлари икки кун олдин ҳаво ҳужумлари 48 соатга тўхтатилишини билдирган эди. Шунга қарамай, Исроил самолётлари Ливан жанубидаги қишлоқлар ва чегара ҳудудларини бомбардимон қилишни тўхтатгани йўқ.

31 июль куни Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Марк Регев Исроил хавфсизлик кенгаши ҳужум қилиш ҳақида қарор қабул қилганини билдирди.

“Исроил хавфсизлик кенгашининг махсус йиғилиши Ливан жанубида ўз ҳарбий истеҳкомларини мустаҳкамлаб, ўша жойдан Исроил ҳудудидаги тинч аҳолини ракеталардан ўққа тутаётган “Ҳизбаллоҳ” жангариларини йўқ қилиш мақсадида Ливан жанубига бостириб кириш ҳақида қарор қабул қилди”, - деди Марк Регев.

Исроилдаги оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари ҳужумини қўллаб-қувватлаш мақсадида армия сафига қўшимча 15 минг аскарни сафарбар қилиш ишлари бошланган.

Сешанба куни “Ҳизбуллоҳ” чегара минтақаларида бораётган шиддатли жангларда гуруҳнинг тўрт аъзоси ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари эса охирги 48 соат давомида “Ҳизбаллоҳ”нинг 20 жангариси ўлдирилганини айтмоқда.

Сешанбага ўтар кечаси “Ҳизбаллоҳ” отган учта ракета Исроилдаги қишлоқларга тушиб портлади.

Икки кун олдин Исроил ҳарбийларининг ҳаводан уюштирган ҳужумлари оқибатида 54 одам, жумладан, 37 бола нобуд бўлган Қана шаҳрида ҳужум қурбонлари дафн қилинмоқда.

Қана фожеасидан сўнг халқаро ҳамжамият томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди. АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс душанба куни Қуддусдан Вашингтонга жўнаб кетиши олдидан қилган чиқишида бир ҳафта ичида ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувга эришилишига умид билдирди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Исроил бош вазири Эхуд Олмерт телевидение орқали исроилликларга мурожаатида ҳарбий амалиётлар “Ҳизбуллоҳ” ракеталари таҳдиди йўқ қилингунига қадар давом этишини таъкидлади.

“Жанг давом этади. Ўт очиш тўхтатилгани йўқ. Келаси кунлар ичида ҳам ўт очиш тўхтатилмайди”, – деди Исроил бош вазири.

Исроилнинг инфратузилмалар вазири Бенямин Бен-Элизиер эса белгиланган вазифани бажариши учун армияга икки ҳафтагача вақт керак бўлишини айтди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, янги ҳужумларда Исроил армияси танклари ва қуруқлик қўшинлари қатнашмоқда. Исроил ҳарбий кучлари Ливан ҳудуди ичкарисига 6-7 километр ва балки ундан ҳам кўпроқ масофага бостириб кириши айтиляпти. Исроил расмийлари Ливан жанубига халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштирилса, ҳужумлар тўхташи мумкинлигини билдирди.

Бироқ БМТнинг душанба кунги йиғилишида дипломатик келишувга эришиш мақсадида олдин халқаро кучлар ташкил этиш масаласини муҳокама қилиш кечиктирилди.

“Ҳизбаллоҳ”нинг асосий таянчи экани айтилаётган Сурия эса мамлакат армиясини юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирди.
XS
SM
MD
LG