Линклар

“Днепр” Жанақалага бало олиб келди


Россиянинг 27 июль куни ҳалокатга учраган “Днепр” ракетаси қулаган Қозоғистоннинг Жанақала қишлоғи аҳли орасида турли касалликлардан шикоят қилувчилар кўпайиб боряпти.

Маълумотларга кўра, ушбу қишлоқ одамлари танасида турли хил яралар тошиш ҳолатлари аниқланмоқда. Жанақалаликлар кўнгил айниши, бош оғриғи каби касалликлардан касалликлардан шикоят қиляпти. Чўпон Сагат Сауенов оиласи эса шифохонага ётқизилган.

С.Сауеновнинг билдиришича, қизи Сагаданга яра тошган. Ўзининг эса боши оғрияпти.

Маълум бўлишича, Сауеновлар оиласи “Днепр” ракетаси қулаган жойга жуда яқин ерда бўлган.

“Днепр” ракетаси 27 июль куни Бойқўнғир космодромидан фазога учирилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган эди.

Ракета ҳалокати Қозоғистон учун экологик фожеага олиб келиши мумкинлиги айтиляпти. Мутахассисларнинг маълум қилишича, ракетада ўта заҳарли ҳисобланадиган 40 тонна гептил ва 80 тонна амил ёқилғиси бўлган.

Ракета қулаган Қизилўрда вилояти ҳокими Икром Одирбековнинг айтишича, россияликлар ракета ҳалокатининг хавфли эканини билган ҳолда астойдил ҳаракат қилмаяпти.

”Замонавий технологияларга эга бўлган ҳолда ракета қулаган жойни икки кун давомида излашди. 40 тонна гептил қаерга кетди? Аллақачон вилоят аҳолиси соғлиғига салбий таъсири сезиляпти”, - деди ҳоким.

”Инфракос-Эко” лабораторияси хабарига кўра, ракета қулаган жойда 11 метр чуқурлик ҳосил бўлган. Қишлоқ аҳолиси фойдаланадиган сув иншооти чуқурлиги эса 5-6 метрни ташкил этади. Мутахассислар гептил тупроқ ва ўсимликларга зарар келтириш билан бирга ер ости сувларига аралашиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ракета қулаган жойда гептил концентрацияси минг баробар ортиқдир. Гептилнинг зарарли таъсири 100 йилгача сақланади.

Айни пайтда Жанақала қишлоғида карантин эълон қилинди. Қўшни Куандария қишлоғига ҳам хавф мавжуд. Бу икки қишлоқ аҳли бошқа жойга қўчирилиши мумкинлиги айтиляпти. Қишлоқ ҳудудидаги “Керкели” чегара қисми аскарлари эса эвакуация қилинган.

Айни пайтда Қизилўрда вилояти прокуратураси ҳалокат оқибатида атмосферанинг ифлосланиши ва тупроқнинг зарарланиши юзасидан жиноят иши очган. Қозоғистон ташқи ишлар вазири томонидан эса Россияга нота жўнатилган.

Маълум бўлишича, ракета ҳалокати натижасидаги иқтисодий ва экологик зарар учун Россия Қозоғистонга товон тўлаши лозим бўлади.
XS
SM
MD
LG