Линклар

logo-print

Расмий Тошкент Исроилни қўллаб қувватламади


Алишер Сиддиқ. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Жаҳон” ахборот агентлиги душанба куни тарқатган хабарномасида Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётлари “ғайриинсоний” дея таърифланади.

“Ливаннинг Қана қишлоғида асосан бегуноҳ аёл ва болалардан иборат 60 одамнинг ўлдирилиши ушбу ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш кераклигини яна бир бор тасдиқлайди”, – дейилади расмий Тошкент баёнотида.

Исроил томони бундай баёнотнинг эълон қилинишини Каримов ҳукуматидан мутлақо кутмаган кўринади.


Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги муносабатларда нимадир ўзгаргандек...

Узоқ йиллар давомида Исроилнинг ташқи сиёсат масалаларидаги содиқ иттифоқчиси саналган Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги танқидий чиқишига наҳотки фақат Ливандаги қонли воқеалар туртки бўлган бўлса?

Бирлашган миллатлар ташкилотида мустақил давлат сифатида овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритган Ўзбекистон яқин-яқингача БМТ да АҚШ ва Исроилга мувофиқ тарзда овоз бериб келгани маълум.

Бу вазият ҳам сўнгги пайтларда ўзгарди.

Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Офер Морено Ўзбекистон Исроил ўртасидаги муносабатларни никоҳга ўхшатади.

“Бир биримизни севамиз, аммо баъзи вақтлари келишмаслигимиз мумкин”, – дейди у.

Ўзбекистон ва Исроил келишаолмаган ўша “баъзи вақтлар”нинг кузатилмагани, бўлган тақдирда ҳам улар жамоатчиликдан сир сақланганини эътиборга олсак, айни пайтда давлатлар ўртасидаги никоҳ бузилиш томон кетмаяптимикан?


Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон томони тарқатган баёнотидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди.

“Ўзбекистон томонидан бундай бир томонлама баёнотни биринчи бор кўришим. Ўзбекистон бизнинг муаммоларимиз борасида ҳеч қачон танқидий позиция тутмаган эди. Улар вазиятдан келиб чиқиб бу масалада бошқачароқ баёнот беришини кутган эдик. Бундай баёнотдан албатта ҳафсаламиз пир бўлди”, – дейди О. Морено.

Ўзбекистон ҳукумати Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётларга қарши чиқар экан, бу албатта аксар ўзбекистонликларнинг кайфияти билан ҳамоҳангдир. Бу борада аҳолининг аксари мусулмонлардан таркиб топгани аҳамиятли эмас.

Айни пайтда дунё ҳамжамияти Исроилни урушни тўхтатишга чақирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ўз баёноти билан Ливандаги урушга таъсир этишга ҳаракат қилишдан йироқ.

“Бироқ кўп йиллар давомида Исроилнинг барча ҳарбий харакатларини қўллаб қувватлаб келган расмий Тошкент ўзининг баёноти билан ташқи сиёсатидаги номутаносиблигини яна бир бор кўрсатяпти”, – дейди тахлилчи Тошпўлат Йўлдошев.

Тахлилчига кўра, АҚШ билан келишмаётган Ўзбекистон раҳбарияти АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиси Исроилга нисбатан ҳам ўз муносабатини кўрсатиши керак эди.

2005 йил 13 май куни Андижондаги намойишнинг Ўзбекистон ҳукумат кучлари томонидан қонли бостирилиши мамлакатнинг Ғарб давлатлари ва АҚШ билан муносабатларини совуқлаштирган омиллардан бири бўлиб хизмат қилди.

Президент Каримов: “Андижондаги воқеалар мамлакатда ҳарбий базасидан маҳрум бўлган аламзада кучларнинг иши”, - дея АҚШга ишора ҳам қилган эди.

Андижонда террорчилар билан қонли тўқнашув содир бўлганини айтиб келаётган расмий Тошкент ўша куни юзлаб тинч аҳолини қурбон бўлганини эътироф этгани йўқ.

Халқаро танқидлар ортиб борар экан, Ўзбекистон раҳбарияти афтидан жаҳон сиёсий саҳнасида салмоқли таъсирга эга бўлган Исроил томон боқар эди.

Лондондаги Халқаро муносабатлар бўйича Қироллик инстутининг тадқиқотчиси Ширин Акинернинг айтишича, Тошкентнинг Исроил борасида бугунги мавқеи, ўз вақтида Андижон воқеаси юзасидан Ўзбекистоннинг Исроил томонидан кутилганидек қўллаб қувватланмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.


“Ўзбекистон расмийлари Исроил уларни Андижондаги воқеа юзасидан очиқчасига қўллаб қувватламаган деб ҳисоблайди. Улар ўзларининг террорчилик ҳужумларидан азият чекаётганини айтган бўлсалар ҳам, уларга Исроил тарафкашлик қилмади. Ўзбекистон Исроилни барибир икки юзламачи сиёсат олиб бораётган Ғарб лагеридаги давлатлардан бири деб ҳисоблайди”, – дейди Ширин Акинер.


Президент Каримовнинг Андижон воқеаларидан сўнг ташқи сиёсатини Россия фойдасига ўзгартириш қарори қатъийлигини билдириб келади. Исроил томони ҳам Ўзбекистоннинг Ливандаги ҳарбий амалиётларни қоралаши, Ўзбекистон раҳбариятининг ташқи сиёсатидаги эврилишининг ҳосиласи эканини англайдигандек.

“Халқаро майдонда Ўзбекистон айрим давлатлар томон ўз ташқи сиёсатини ўзгартиргани аён. Бу стратегик эврилишлар биз билан боғлиқ эмас, аммо улар у ёки бу давлатларга, шу жумладан Исроил билан муносабатларга таъсир этиши мумкин”, - дейди Исроил ташқи сиёсат идорасининг вакили Офер Морено.
XS
SM
MD
LG