Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:54

Куба раҳбари Фидел Кастро ошқозони операция қилинди


Кубани 47 йил давомида якка ўзи бошқариб келган коммунистик инқилоб етакчиси Фидел Кастро касалхонага ётқизилди. 1 август куни Куба ҳукумати вакили давлат раҳбарининг ошқозонида жарроҳлик операцияси ўтказилганини ҳозирда унинг аҳволи барқарор эканини маълум қилди.

Куба ҳукуматининг матбуот вакили Ранди Фалкон Фидел Кастро касалхонада ёзиб жўнатган баёнотини сешанба куни телевидение орқали ўқиб эшиттирди:
“Менинг руҳим тетик. Энг муҳими мамлакатда ҳамма иш жойида. Вазият шундай давом этади”, - дея Фидел Кастронинг баёнотини ўқиди.

Куба раҳбари ўз баёнотида ватандошларини “курашни давом эттиришга” чақирди. 1959 йилдан бери мамлакатни якка ўзи бошқариб келаётган Фидел Кастро ичида қон оқишини тўхтатиш учун жарроҳлик амалиётидан ўтиши кераклигини айтди. Фидел мамлакатни вақтинча бошқариш вазифасини 31 июл куни ўз укаси Раул Кастрога топширган эди.

Фидел Кастронинг тарафдорлари 2 август куни Хаванада намойиш ўтказдилар. Омма олдида чиқиш қилган Куба комунистик партияси раҳбари Армандо Диаз коммунистик ғояга содиқ эканликларини билдирди:

“Биз ҳаммага, айниқса, инқилоб тақдирини биз билан бирга ўз қўлида сақлаган дўстимиз Раул Кастрога, халқ нима қилишини билади. Биз шу дақиқадан бошлаб шуни бажаришга киришишимизни таъкидламоқчимиз. Агар кимдир шу вазиятдан фойдаланишга уринса, унга қарши оммавий ва кескин равишда жавоб қайтарилади”, – деди Куба коммунистик партияси раҳбари.

Йиллар давомида ҳукумат томонидан таҳқирланиб келганига қарамай, муҳолифат раҳбари Кастрога тезроқ соғайиб кетишни тилагини билдирди. Эри ва фарзандлари озодликдан маҳрум этилган “Ladies in Wthite” гуруҳи раҳбари Лўра Поллан: “Хатто энг оғир вазиятда ҳам биз унга ўлим тиламаймиз”, - деди.

Куба расмийлари 13 август куни 80 ёшни қаршилайдиган Фидел Кастро ўлим тўшагида эмаслигини таъкидламоқда. Шунга қарамай, душанба куни ҳокимиятни топширганидан бери Фидел Кастронинг касалхонада эканини тасвирловчи видеолавҳа ёки фотосурат намойиш қилингани йўқ.

Айни пайтда, Кубадан салкам 150 километр нарида жойлашган АҚШнинг Флорида штатида Кастрога қарши собиқ кубаликлар намойиш ўтказди. Уларнинг аксарияти Кубада Кастро даври ниҳоясига етаяпти, деган фикрда.

Куба парламенти раиси Роберто Аларкон собиқ кубаликлар Маями шаҳрида ўтказган намойишни қоралади. Аларкон, кўпчилик Фидел Кастро ўлишига умид қиляпти, бошқалар эса Куба ҳукумати унинг ўлимини яширяпти, деган миш-мишлар тарқатаяпти, деди. Вашингтонда АҚШ маъмурияти расмийлари Кубага нисбатан сиёсат ўзгармаслигини маълум қилдилар.

Давлат Департаменти Кубадаги демократик ўзгаришни қўллаб-қувватлашини билдирди. Давлат Департаменти матбуот вакили Шон Мак Кормак Куба халқи коммунистлар бошқарувидан чарчагани ва янгича давлат бошқарувини танлашни жуда хоҳлашини билдирди.
XS
SM
MD
LG