Линклар

Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар Яқин Шарқ можаросини тинч йўл орқали ҳал этишга чақирди

  • Ҳасанжон

Малайзиянинг Путражая шаҳрида Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Яқин Шарқ бўҳронига бағишланган махсус сессия бўлиб ўтди. Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ва йигирмата мусулмон давлатлари раҳбарлари Ливанда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақида резолюция қабул қилиш ва уни амалга оширишни БМТдан талаб қилдилар. Йиғилиш охирида қабул қилинган баёнотда Исроил ҳарбийлари томонидан инсон ҳуқуқлари поймол этилгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан БМТ томонидан текширув ўтказиш кераклиги таъкидланди.

Ўтган йил ноябрида Исроилни ҳаритадан ўчириб ташлаш кераклиги ҳақида баёнот берган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Малайзиядаги анжуманда қилган чиқишида Яқин Шарқ бўҳронининг “асосий давоси” Исроилни йўқ қилиш эканини айтди. Бироқ Аҳмадийнажод ҳозирги вазиятда ўт очиш дарҳол тўхтатилиши керак, деган фикр билдирди.

Исроил ҳарбийларининг Ливан ва Фаластин ҳудудларида ўтказаётган ҳарбий амалиётларига жавобан Эрон раҳбари мусулмон давлатларни, Исроил ва уни қўллаб-қувватлаётган АҚШ, Британия ва бошқа давлатларни изоляция қилишга чақирди.

Ислом конференцияси ташкилоти йиғилишида қатнашган бошқа давлат раҳбарлари ҳам Исроил армиясининг Ливан ва Фаластинда ўтказаётган ҳарбий амалиётлари минтақани фожиавий оқибатларга олиб келиши мумкин, деган фикр билдирдилар.

Фаластин Ташқи ишлар вазири Фаруқ Каддуми:

“Барча мусулмон давлатлар Фаластин ва Ливанга нисбатан уюштирилаётган ҳужумлар ва босқинга бир овоздан қаршилар. Бизнингча, БМТ Хавфсизлик кенггаши чора кўриши лозим. Акс ҳолда, бу уруш алангаси бошқа давлатларга ҳам ёйилиши мумкин”, – деди Каддуми.

Йиғилишда сўзга чиққан Покистон Бош вазири Шавкат Азиз уруш минтақанинг бошқа давлатларига тарқалиб, Яқин Шарқда барқарор ва адолатли тинчлик ўрнатиш умиди йўққа чиқмасидан туриб, ўт очишни тўхтатиш кераклигини таъкидлади. Шавкат Азиз уруш олиб боргандан кўра, дипломатик музокаралар олиб бориш керак, деган фикр билдирди:

“Мазкур бўҳроннинг ечими ўт очишни дарҳол тўҳтатиш, қуролли можаро келтириб чиқарган асосий сабабларини ўрганиш ва уни сўзлашувлар орқали ҳал қилишга уринишдир. Биз ҳаммамиз шундай фикрдамиз. Биз музокаралар самара беради, деган фикрдамиз”, – деди Покистон Бош вазири.

Дунёдаги энг катта мусулмон давлати Индонезия президенти Сусило Бамбанг Йудхойоно Яқин Шарқда уруш ҳаракатлари тўхтатилишига чақирди. Йудхойоно фикрича, Ливандаги уруш мусулмонлар, жумладан ўзи каби мўътадил қарашдаги мусулмонларнинг радикаллашувига сабаб бўлиши мумкин.

Ислом конференцияси ташкилоти раҳбари туркиялик Акмалиддин Эҳсонўғли Исроил ҳарбийларининг Ливанда “Хизбуллоҳ” партизанларига қарши ҳужумларни давом этаётгани мусулмон дунёсида ғазаб уйғотаётганини айтди. Эҳсонўғли йиғилиш қатнашчилари томонларни ўт очишни тўхтатишга чақириш ҳақида йиғилиш қатнашчилари муросага келганларини айтди.

Йиғилишга мезбонлик қилган Малайзия Бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавий мусулмон давлатларини Ливанга БМТнинг тинчликпарвар кучларини жойлаштириш ҳақида келишувга эришилса, уни бажариш учун минтақага қўшин жўнатишга тайёр туришга чақирди.

Ислом конференцияси ташкилоти қатнашчиларига видеомурожаатида Ливан Бош вазири Фуад Синиора Исроил армиясининг Жанубий Ливанда “Хизбуллох” гуруҳига қарши уч ҳафтадан буён давом этаётган ҳужумлари оқибатида 900дан ортиқ ливанлик нобуд бўлгани, уч мингдан зиёд одам яраланганини билдирди. Синиора қурбонларнинг учдан бир қисми 12 ёшга етмаган болалар эканини айтди. Ливан Бош вазирига кўра, мамлакат аҳолисининг чорак фоизи, яъни, бир миллион аҳоли ўз уйларини ташлаб бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG