Линклар

logo-print

Обрўли журнал кимнинг “қонхўр”лигига ишора қилди?

  • Абдулла Искандар

Германияда чоп қилинадиган обрўли журналлардан бири бўлмиш “Шпигел” ўзининг 31 июлдаги сонида Ўзбекистон режимини ва шахсан президент Ислом Каримовни “қитиқловчи” мақола чоп этди.

Журналда 4 саҳифани тўлдирган мақолада И.Каримов “қонхўр ва золим ҳукмдор”, деб аталади ва бундесвер, яъни немис армияси “тинч намойишчилар қонини тўккан диктатор” билан ҳамкорлик қилишда айбланади.

“Шпигел”даги мақолага “Тошкенлик қонхўр” (Der Blutsaufer von Tashkent) деб сарлавҳа қўйилган. Сарлавҳа тагида И.Каримовнинг хўмрайиб турган сурати берилган.

Мақола муаллифи мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов, “Серқуëш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Нигора Ҳидоятова ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов билан суҳбатлашганини ëзади.

Мақоланинг учинчи ва тўртинчи саҳифасида икки сурат ёнма-ён берилган. Бир суратда қамоқхона ҳовлисини тўлдириб тиз чўкиб ўтирган маҳкум эркаклар тасвирланган. Ëнидаги суратда эса тирикчилик ташвишида бозорни тўлдирган ўзбек аëллари акс эттирилган.

“Эркаклар қамоқда, аëллар бозорда”, деган мужда бор бу тасвирда”, - дейди Германияда яшайдиган ўзбек журналисти Анвар Усмонов.

А.Усмонов “Шпигел” журнали Германиядаги энг обрўли нашрлардан эканини таъкидлади ва унинг бу фикрини немис журналисти Маркус Бенсманн ҳам қўллаб-қувватлади.

“Аввалига “Шпигел” журналининг Германиядаги энг обрўли ва таъсирга эга нашр эканини таъкидлаш зарур. Бу журнал “Тошкентлик қонхўр” деган ваҳимали сарлавҳа остида тўрт саҳифани тўлдирган батафсил мақола ëзиши Каримов билан дўстлашишни истаган немис сиëсатчилари учун катта зарбадир”, - дейди М.Бенсманн.

Унинг сўзларига кўра, журналда эълон қилинган мақола расмий Берлиннинг Ўзбекистон билан боғлиқ сиëсатига таъсир қилиши табиийдир.

“Шпигел” сиëсатни ўзгартиришга қодир бўлган Германиядаги бир неча нашрлардан биридир. Афсусланарли томони шундаки, бу мақола август ойида, барча сиëсатчилар таътилга кетган вақтда чоп қилинди. Бошқа томондан Яқин Шарқ олов ичида қолаëтган бир пайтда бундай обрўли журналнинг Ўзбекистонда Каримов олиб бораëтган тазйиқ сиëсатини танқид қилувчи мақолани эълон қилиши масаланинг муҳимлигидан далолатдир”, - деди немис журналисти.

Дунëда юз бераëтган бир-биридан даҳшатли воқеалар Андижонда юз берган воқеаларни ëки Ўзбекистон деган мамлакат мустабид зулми остида эзилаëтгани ҳақидаги хабарларни бир четга суриб қўймадими?

Бу саволга жавоб берар экан М.Бенсманн: “Албатта, халқаро жамоатчиликни ҳозир Ливан ва Дарфурдаги воқеалар кўпроқ ташвишга солмоқда. Аммо бу Каримов жиноятлари унутилди, дегани эмас. Факт фактлигича қолаверади. Каримов тинч намойишга чиққан ўз халқини қирди. Қирғнбарот сиëсат эса тараққиëт учун асос бўла олмайди. Каримов режими тарих саҳнасидан супуриб ташланиши керак”, - деди.

“Шпигел”даги мақола муаллифи Германия Мудофаа вазирлиги мулозимларининг сиëсий тақдирини савол остига қўяди. Унда ёзилишича, Германиянинг Термиздаги ҳарбий базасига немис журналистларининг бориши тақиқланибди.

Бу эса, М.Бенсманнинг таъкидича, Германия конституциясига мутлақо зиддир.

“Немис журналистлари Германия армияси қаерда нима қилаëтганини билиш ҳуқуқига эга. Конституция берган ҳуқуқни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Журналистларнинг Термиздаги базага киритилмаганининг фош қилиниши Каримов режимига яқин туришга интилаëтганлар учун улкан зарба бўлди. Ҳозир биз бу юзадан расмий Берлиндан расмий изоҳ кутмоқдамиз”, - деди М.Бенсманн.

Мақола “Тошкентлик қонхўр” деб сарлавҳа берилган бўлиб, сарлавҳа остига Ислом Каримовнинг сурати қўйилиши “қонхўр” ким эканига ишора ўлароқ қабул қилинади. Мақола давомида ўзгача қарашларни темир супурги билан супураëтган режимнинг аксилинсонийлиги очиб берилади.

Ўзбек расмийлари Ўзбекистон ҳақида танқидий мақола ëзган чет эллик журналистларни мамлакат ички ишларига аралашишда айблайди.

Маркус Бенсманн фикрича эса бирор мамлакатда кишилар ҳукумат томонидан тазйиқ қилинаëтган экан, энди бу умуминсоният муаммосига айланади.

“Ўзбекистон бундан истисно эмас. “Шпигел” журнали Каримовни қонхўр деб атади. Агар бутун жиддий матбуот тизимини ағдар-тўнтар қилсангиз ҳам бирор мамлакат раҳбари шаънига бунданда қаҳрлироқ айбнома янграганини эсламаймиз ва демак бу айбловларга жиддий асослар бор”, - деди немис журналисти.
XS
SM
MD
LG