Линклар

Россия ўзбекларни Ўзбекистонга қурбонликка беряптими?

  • Озодлик

Россия Бош прокуратураси ўтган йилдан буён Иваново шаҳридаги ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонлик 12 кишидан яна учтасини расмий Тошкент ҳукмига топширишга қарор қилди.

Ўзбекистонлик 12 киши ва Қирғизистоннинг бир фуқароси Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб ўтган йили Ивановода ҳибсга олинган эди. Бундан аввалроқ ўзбекистонликларнинг 9 нафари ва қирғизистонлик фуқарони ўз юртига экстрадиция қилиш ҳақида қарор қабул қилинганди.

Ўшанда Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина ўзбекистонлик қолган 3 киши – Рустамхўжаев, Қосимхўжаев ва Олимовнинг ҳам экстрадиция қилиниши ҳақида қарор қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмаслигини айтган эди ва ҳақиқатдан ҳам унинг тахминлари тўғри бўлиб чиққанга ўхшайди. Ивановодаги ўзбекларнинг энди ҳаммаси Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш арафасида.

Россия Бош прокуратурасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Виктор Потапов ўз идораси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Ивановодаги ҳибсхонада сақланаëтган ўзбекистонлик 12 фуқарони экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровини қондирганини билдирди.

“Бу фуқаролар Ўзбекистон ҳукумати томонидан экстремистик ҳаракатлар, уюшган жиноятчилик, террорчилик, қўпорувчилик, қотиллик, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш, ноқонуний равишда қурол-яроқни ўзлаштиришда айбланмоқда. Ўзбекистон Бош прокуратураси экстрадиция қилиниши кутилаëтган бу фуқароларга нисбатан ўлим жазосини қўлламаслик ҳақида Россия томонига ëзма равишда кафолат берди”, - деди В.Потапов.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Россиядаги идораси вакили Юрий Бортников Россия Бош прокуратурасининг Ивановодаги ўзбекларни ватанига экстрадиция қилиш ҳақидаги қарори вазиятга нуқта қўймаслигини айтади.

“Экстрадиция ҳақидаги расмий қарор ҳали судланувчиларга тақдим этилмаган. Қарор қўлга тегиши билан уларнинг адвокатлари керакли идораларга мурожаат қилади. Албатта, биз вазиятнинг бундай тус олганидан хавотирдамиз. Биз уларни халқаро ҳимояга муҳтож, деб ўйлаймиз. Биз Россия ҳукумати билан бу борада иш олиб бориб, халқаро талабларга риоя қилган ҳолда Ивановодаги ўзбеклар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга умид билдирамиз”, - деди Ю.Бортников.

Эслатиб ўтамиз, Ивановода ҳибсга олинган ўзбеклар пахта савдоси билан шуғулланувчи “Ростекс” фирмаси раҳбарлари ва хизматчилари бўлган.
XS
SM
MD
LG