Линклар

logo-print

Мусулмон давлатлари ўт очишни тўхтатишга чақирди

  • Ҳасанжон

Малайзиянинг Путражая шаҳрида Ислом анжумани ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Яқин Шарқ бўҳронига бағишланган махсус сессияси бўлиб ўтди.

Ўтган йил ноябрда Исроилни дунё харитадан ўчириб ташлаш кераклиги ҳақида баёнот берган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Малайзиядаги анжуманда қилган чиқишида Яқин Шарқ бўҳронининг “асосий давоси” Исроилни йўқ қилиш эканини таъкидлади. Бироқ у ҳозирги вазиятда ўт очиш дарҳол тўхтатилиши кераклигини билдирди.

Исроил ҳарбийларининг Ливан ва Фаластин ҳудудларида ўтказаётган ҳарбий амалиётларига жавобан Эрон раҳбари мусулмон мамлакатларини Исроил ва уни қўллаб-қувватлаётган АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларни изоляция қилишга чақирди.

Ислом анжумани ташкилоти йиғилишида қатнашган бошқа давлатлар раҳбарлари ҳам Исроил армиясининг Ливан ва Фаластинда ўтказаётган ҳарбий амалиётлари минтақани фожеавий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

“Барча мусулмон давлатлари Фаластин ва Ливанга нисбатан уюштирилаётган ҳужумлар ва босқинга бир овоздан қарши. Бизнингча, БМТ Хавфсизлик кенгаши чора кўриши лозим. Акс ҳолда бу уруш алангаси бошқа давлатларга ҳам ёйилиши мумкин”, - деди Фаластин ташқи ишлар вазири Фаруқ Каддумий.

Покистон бош вазири Шавкат Азиз эса уруш минтақанинг бошқа давлатларига тарқалиб, Яқин Шарқда барқарор ва адолатли тинчлик ўрнатиш умиди йўққа чиқмасдан туриб, ўт очишни тўхтатиш кераклигини таъкидлади. У урушдан кўра дипломатик музокаралар маъқул йўл эканини айтди.

“Мазкур бўҳроннинг ечими ўт очишни дарҳол тўхтатиш, қуролли можаро келтириб чиқарган асосий сабабларни ўрганиш ва уни сўзлашувлар орқали ҳал қилишга уринишдир. Биз ҳаммамиз шундай фикрдамиз. Биз музокаралар самара беришига умид қиламиз”, – деди Ш.Азиз.

Дунёдаги энг йирик мусулмон давлати бўлмиш Индонезия президенти Сусило Бамбанг Юдхоёно ҳам Яқин Шарқда уруш ҳаракатларини тўхтатишга чақирди. Унинг фикрича, Ливандаги уруш мусулмонлар, жумладан, мўътадил қарашдаги мусулмонларнинг радикаллашувига сабаб бўлиши мумкин.

Ислом анжумани ташкилоти раҳбари туркиялик Акмалиддин Эҳсонўғли Исроил ҳарбийларининг Ливанда “Ҳизбаллоҳ” партизанларига қарши ҳужумлари давом этаётгани мусулмон дунёсида ғазаб уйғотаётганини билдирди. У йиғилиш қатнашчилари ўт очишни тўхтатишга чақириш ҳақида якуний хулосага келганини маълум қилди.

Йиғилишга мезбонлик қилган Малайзия Бош вазири Абдулла Аҳмад Бадавий мусулмон давлатларини Ливанга БМТнинг тинчликпарвар кучларини жойлаштириш ҳақида келишувга эришилса, уни бажариш учун минтақага қўшин жўнатишга тайёр туришга чақирди.

Йиғилиш қатнашчиларига видеомурожаатида Ливан бош вазири Фуад Синиора Исроил армиясининг Жанубий Ливанда “Ҳизбаллоҳ” гуруҳига қарши уч ҳафтадан буён давом этаётган ҳужумлари оқибатида мингга яқин ливанлик ҳалок бўлгани, уч мингдан зиёд одам яраланганини билдирди. Ф.Синиора қурбонларнинг учдан бир қисми 12 ёшга етмаган болалар эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг чорак фоизи, яъни бир миллион аҳоли ўз уйларини ташлаб, бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган.

Йиғилиш иштирокчилари БМТдан Ливанда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақида резолюция қабул қилиш ва уни амалга оширишни талаб қилди. Йиғилиш сўнггида қабул қилинган баёнотда Исроил ҳарбийлари томонидан инсон ҳуқуқлари поймол этилгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан БМТ текширув ўтказиши кераклиги таъкидланади.
XS
SM
MD
LG