Линклар

Исроил Таяда операция ўтказди

  • Ҳасанжон

Исроил армияси Ливан жанубидаги Тая шаҳрида “Ҳизбаллоҳ” жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказган бир пайтда гуруҳ аъзолари ҳам Исроилга ракеталар отишни давом эттирди.

Исроил ҳарбийлари охирги 36 соат ичида Ливанга ҳаводан 160та зарба берилганини маълум қилди.

Исроил аскарлари Тая шаҳрида “Ҳизбаллоҳ”га қарши рейдлар ўтказди. Ахборот агентликлари хабарига кўра, шаҳар шимолидаги цитрус мевалар етиштириладиган минтақага Исроил ҳарбийлари десант туширди. Турар-жой биноси ташқариси ва ичида содир бўлган отишмада Исроилнинг саккиз аскари яраланди.

“Ҳизбуллоҳ” жангарилари эса Ливан чегарасидан тахминан 80 километр узоқда жойлашган Хадера шаҳрига ракеталар отди. Бу шу пайтгача “Ҳизбаллоҳ” энг узоқ масофага отган ракета экани айтилмоқда.

Хадераликлар ракета ҳужумидан ҳайратга тушган бўлса-да, қўрқувда эмаслигини билдирмоқда.

“Биз яшашимиз ва ҳаётни давом эттиришимиз керак. Аксинча, агар яшириниб олсак, биз уларга қўрққанимизни кўрсатиб қўямиз ва биз бу ерни тарк этишимизга тўғри келади”, – дейди исроиллик аёл.

Ливанда эса аҳолининг аксари Исроил ва АҚШдан ғазабланмоқда. 5 август куни Байрутда бўлиб ўтган намойишда унинг қатнашчилари “Ҳизбаллоҳ”ни қўллаб-қувватловчи шиорлар билан чиқди. Исроил ҳарбийларининг Ливанга ҳужумини қўллаб-қувватлаётган АҚШга норозилик тариқасида улар Исроил ва АҚШ байроқларини ёқди.

Лондонда ҳам норозилик намойиши бўлиб ўтди. Унинг қатнашчилари Исроил ҳарбийлари ва “Ҳизбаллоҳ” жангариларидан ўт очишни тўхтатишни талаб қилди. АҚШ элчихонаси ва Буюк Британия парламенти бинолари томон юриш бошланишидан олдин Гайдпаркка 7-8 минг одам йиғилди. Мазкур норозилик намойиши исломий ташкилотлар, Фаластин ва ливанлик гуруҳлар коалицияси томонидан уюштирилди.

Шундай бир шароитда АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Давид Велх Ливан Бош вазири Фуад Синиора билан учрашиб, Ливан жанубида давом этаётган қуролли тўқнашувлар масаласини муҳокама қилди. Давид Велх АҚШ бир неча ҳафтадан бери давом этаётган зўравонликларни тўхтатиш ниятида эканини айтди.

5 август куни эса Исроил ҳарбийлари Сидон шаҳрига ҳаводан варақалар ташлаб, шаҳар аҳолисини ўз уйларини ташлаб, Ливан шимолига кўчишга чақирди.

Исроил ҳарбийларининг билдиришича, “Ҳизбаллоҳ”нинг ракеталар отадиган жойларига зарба бериш пайтида тинч аҳоли орасида талафот кўрилишининг олдини олиш мақсадида шундай чора кўрилган.

Ўн минглаб қочқин бошпана топган Сидон Ливандаги учинчи йирик шаҳар ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG