Линклар

“Winrock International” ходимлари устидан жиноят иши очилди

  • Озодлик

Расмий Тошкент АҚШга қарашли “Winrock International” ноҳукумат ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси айрим мансабдор ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқованинг билдиришича, “Winrock International” ходимлари Жиноят кодексининг 190-моддаси “б” банди (ноқонуний равишда ўқув қўлланмаларини нашр қилиш) бўйича айбланмоқда.

С.Ортиқова “тергов сири бўлгани боис” жиноий жавобгарликка тортилганлар қайси мамлакат фуқаролари эканини, уларнинг исм-фамилияларини ошкор қила олмаслигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди “Winrock International”нинг Ўзбекистондаги фаолиятини тугатиш ҳақида қарор чиқарган эди. Шундан сўнг ташкилот вакиласи Мари Лори Тошкент суди қарори юзасидан юқори инстанцияга шикоят қилиниши ҳақида гапирганди.

“Албатта, “Winrock International” Тошкент судининг бу қароридан афсус билдиради ва суднинг қарори юзасидан юқори инстанцияга шикоят қилиш ниятида. Бизнинг фаолиятимиз мутлақо қонун доирасида бўлган, деб ҳисоблаймиз”, - деган эди Мари Лори.

Сўнгги саноқли ойлар ичида Ўзбекистонда Американинг ўнга яқин ноҳукумат ташкилоти фаолияти тугатилди. “Озодлик уйи”, АКСЕЛС, АЙРЕКС, “Таълим орқали мулоқот”, Америка юристлар уюшмаси каби ташкилотларга маҳаллий қонунларни бузганлик ва ўз низомига риоя этмаганлик айблари юкланди. Шу боис, “Winrock International” учун Тошкент судининг ташкилот фаолиятини тугатиш қарори кутилмаган ҳол бўлмаганди.

“Биз учун бу кутилмаган ҳол эмас. Ўзбекистонда бошқа ташкилотлар ҳам ёпилди. Биз эса кўпинча қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ лойиҳалар билан шуғулланамиз, ишимизни давом эттиришимизга рухсат беришларига умид қилган эдик. Охир-оқибат навбат бизга ҳам етди”, - деган эди ташкилот вице-президенти Дэвид Норман.

Кузатувчиларнинг айтишича, бу ноҳукумат ташкилот ходимларига қарши жиноят иши қўзғатилгани айтилаëтган биринчи ҳолатдир. Бироқ Ўзбекистон расмийлари бундан олдин ҳам шу каби ҳодисалар юз берганини таъкидламоқда.

Сўнгги ойларда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда фаолият юритган ноҳукумат ташкилотларни фақатгина мамлакатдан ҳайдаш билан чекланганди. Бу сафар эса ташкилот ходимлари жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Бош қароргоҳи АҚШнинг Арканзас штатида жойлашган “Winrock International” (Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Винрок халқаро институти) АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молияланади. Ўзбекистонда бу ташкилот 1994 йилдан бери фаолият кўрсатиб келган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги даъвосича, “Winrock International” мамлакатда ўз низомига риоя қилмаган. Жумладан, ташкилот вазирликдан рўйхатдан ўтаётган пайтда низомида Ўзбекистонда фермерликни ривожлантириш, маҳаллий фермерларга ёрдам беришни кўзловчи “Фермер фермерга” дастурини амалга ошириш асосий мақсад қилиб кўрсатган.

Лекин, вазирликнинг даъвосича, “Winrock International” низомда кўрсатилган фаолиятдан четга чиқиб, аёлларнинг ҳуқуқий онгини кўтаришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширган, Ўзбекистонда аёллар ноҳукумат ташкилотларини тузишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган. Бу борада семинар-тренинглар уюштирган. Тегишли лицензияни олмай туриб ноширлик фаолияти билан шуғулланган, маҳаллий ноҳукумат ташкилотларга адабиётлар ва қўлланмалар тарқатган.

Шунингдек, “Winrock International” Ўзбекистон Диний ишлар қўмитаси рухсатисиз “Ислом ва аёллар” китоби чоп этилишини молиялаштирган. Пировардида қўмита экспертлари китобда Ислом тарихини нотўғри ёритиш, Қуръонни нотўғри тафсир қилиш ва уни бузиб кўрсатиш, миллий қадриятлар аҳамиятини пасайтириш каби қўпол камчиликлар мавжудлиги юзасидан хулоса тақдим этган.

Бир муддат аввал Ўзбекистон Адлия вазирлигининг ноҳукумат ташкилотлар билан ишлаш бошқармаси вакили Жалол Абдусатторов мамлакатдаги ноҳукумат ташкилотлар агар низом ва қонунлар доирасида ишламаса, қонун олдида жавоб беришини таъкидлаган эди.

Бош прокуратура вакиласи Светлана Ортиқова ҳам агар мамлакатда фаолият юритадиган хорижий ноҳукумат ташкилотлар бундан кейин миллий қонунчиликка риоя қилмаса, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини таъкидлади.

“Winrock International” вакиласи Мари Лори ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолиятини қонунга хилоф эмас, деб билишини айтди.

“Биз ишлайдиган ҳар бир давлатда ҳукумат нима қилишимизни яхши билади. Аёллар саводхонлигини ошириш дастуримиз бор ва бундан ягона мақсад аёллар ҳуқуқий билимини ошириш ва ўзлари яшаётган жамиятларда уларнинг иштирокини кенгайтиришдир. Биз буни қонунга хилоф ҳисобламаймиз”, - деди Мари Лори.
XS
SM
MD
LG