Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:37

Имом шаҳид деб эълон қилинди


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистонлик таниқли имом Муҳаммадрафиқ Камоловнинг жанозаси ўқилгач, маъракага йиғилганлар унинг тобутни кўтариб, бир неча соат давомида Қорасув кўчаларини айланди.

Расмийларнинг билдиришича, жанозага камида беш минг одам йиғилган. Жанозадан олдин қисқача митинг ўтказилиб, М.Камолов шаҳид деб эълон қилинган.

“Муҳаммадрафиқ қори акамиз ҳақ гапни айтувчи мусулмонлардан эди. Шунинг учун уни ўлдирдилар! Бу хонадонга шаҳидлик муборак бўлсин!”

Шу гаплар айтилган сўнг жанозага йиғилганлар “Аллоҳу акбар!” деб ҳайқирди!

Имомнинг жанозасига Бишкекдан Қирғизистон мусулмонлари муфтийси Муротали Жуманов, Қирғизистон дин ишлари давлат комиссияси раиси Жўрабеков ҳам келди. Муфтий М.Жуманов халқни сабр-тоқатли бўлишга чақирди. Бироқ жаноза ўқиб тугатилиши биланоқ минглаб йигитлар М.Камоловнинг тобутини кўтариб, “Аллоҳу акбар” ҳайқириқлари билан икки соат мобайнида Қорасув шаҳри кўчаларини айланиб чиқди.

Икки минг киши билан бошланган бу тобуткашлар юриши иштирокчилари сони ҳар бир маҳаллада кўпайиб бориб, олти-етти минг кишига етди. Ҳар бир хонадон остонасида аёллар ва қариялар кўзларида ёш билан М.Камоловни охират сафарига кузатиб қолди.

Қорасув шаҳрида тобуткашлар юриши давом этаётган бир пайтда, яъни кеч соат саккизлар атрофида Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Ўш вилояти бошқармаси бошлиғи Бакит Бекибоев матбуот анжумани ўтказди.

Матбуот анжуманида М.Камолов ўз машинасида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг икки аъзосини олиб кетаётганда ўлдирилгани айтилди.

“Мана улардан бирининг сурати - Шаҳобитдинов Аюбхўжа, лақаби “Шайх”, “Машраб”, “Умар”, иккинчи жангари эса Раҳимов Фатхулло Рустамович, унинг лақаби “Абдуллоҳ” бўлган. Улар Ўзбекистон ва Тожикистон миллий хавфсизлик хизматлари томонидан бир неча террорчилик ҳаракатларини содир этишда айбланиб, қидирувда эди. Машинадаги учинчи киши эса Муҳаммадрафиқ Камолов бўлиб, у ҳайдовчи ўрнида эди. Улар МХХ ходимларига қарата биринчи бўлиб автоматдан ўқ узган. Отишмада уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди”, - деди Б.Бекибоев.

М.Камолов расман террорчилар билан ҳамтовоқликда айбланаётган бўлса-да, унинг жанозасида кўплаб таниқли жамоат арбобларини кўриш мумкин эди. Қирғизистон муфтийси Муротали Жуманов эса М.Камоловни энг ҳалол, ҳақгўй ва билимдон уламолардан бири сифатида баҳолади.

“Ҳурматли мўмин-мусулмон биродарлар! Қирғизистон, Марказий Осиёга таниқли уламо Муҳаммадрафиқ Камоловнинг фожеали ўлими муносабати билан бутун Қирғизистон мусулмонлари номидан таъзия билдираман. Муҳаммадрафиқ Камолов йигирма йилдан кўпроқ вақт мобайнида имомлик қилиб, ҳалол, ҳақиқатни айта биладиган инсон сифатида мусулмонларга танилган эди”, - деди М.Жуманов.

Эслатиб ўтамиз, М.Камолов 7 августга ўтар кечаси Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий хавфсизлик хизматлари ҳамкорликда ўтказган операция вақтида ўлдирилган эди.
XS
SM
MD
LG