Линклар

Қозоғистон армиясида зўравонлик авжида


Қозоғистоннинг Отров вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида 19 ёшли аскар ўзини ўзи отиб ўлдирди. Чимкент шифохонасида эса оғир тан жароҳати олган 20 ёшли сержант бир неча кундан бери ҳушсиз ётибди.

Маълумотларга кўра, Отровдаги ҳарбий қисмда бир йилдан буён хизмат қилаётган павлодарлик аскар 31 июль куни ўз жонига қасд қилган. У тунги навбатчиликка чиққан вақтда кузатув минорасида туриб автоматдан бошига ўқ узган ва оламдан ўтган. Айни ҳолат вилоят прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

Чимкент шаҳридаги шифохоналардан бирида эса 20 ёшли сержант Ерлан Каденов бир неча кундан буён ҳушсиз ётибди. Шифокорларнинг билдиришича, Е.Каденовнинг бош суяги синган, мияси оғир жароҳатланган. Беш кун аввал шифохонага ётқизилган сержант операция қилинганига қарамай, бир неча кундан бери ҳушига келгани йўқ.

Шифокорлар Е.Каденовнинг аҳволи жуда оғирлиги, аммо яшаб кетишига умид борлигини айтмоқда.

Ҳарбий прокуратура мазкур ҳолат бўйича жиноят иши очган. Ҳозирча сержантнинг нега бундай оғир жароҳатлар олгани сабаблари маълум эмас.

Чимкент гарнизони ҳарбий прокурори Мелдибек Одилбоев сўзларига кўра, сержантнинг жароҳати ҳарбий уставга зид ҳолат натижасида оттирилган бўлиши, яъни у калтакланган бўлиши мумкин.

Сўнгги пайтларда Қозоғистондаги ҳарбий қисмларда аскарлар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар сони тобора кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

Жанубий Қозоғистондаги Е.Каденов хизмат қилаётган 6506-ҳарбий қисмда аскарларнинг калтакланиши сўнгги уч ой мобайнида икки марта содир бўлган. 26 июль куни мазкур ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ аскарлари норозилик акцияси ўтказганди. 25 аскар ўз норозилигини ҳарбий қисмни ташлаб кетиш орқали ифодалаганди.

Маълум бўлишича, аскарларнинг ҳарбий қисмдан оммавий равишда қочишига бўлинма командирларининг тазйиқлари сабабдир. Аскарлар ҳарбий қисмдаги зўравонликлар жонига теккач, шундай қилишга мажбур бўлганини билдирганди.
XS
SM
MD
LG