Линклар

Ливан ракета зарбалари остида қолмоқда

  • Абдулла Искандар

Исроил-Ливан можаросига чек қўювчи резолюция лойиҳаси БМТда муҳокама қилинаëтган бир пайтда Ливан ракета зарбалари остида қолмоқда. Қарийб бир ойдан бери давом этаëтган бу уруш мингдан зиëд кишининг ëстиғини қуритди.

8 август куни БМТ Хавфсизлик кенгашида можарони тўхтатиш борасидаги резолюция лойиҳаси муҳокама қилинади. 9 август куни лойиҳа борасидаги барча ихтилофлар бартараф қилиниши кутилмоқда.

Айни вақтда Франция резолюция лойиҳасига ўзгартиш киритиш таклифини илгари сурмоқда. Маълумотларга кўра, расмий Париж араб давлатларининг Исроил қўшинларини Ливан ҳудудидан олиб чиқиш таклифи инобатга олиниши тарафдоридир.

Ливан расмийлари Исроил қўшинлари чиқиб кетиши биланоқ чегара ҳудудига 15 минг ҳарбий ҳизматчини жойлаштиришга тайёр эканини билдирмоқда.

“Бу борадаги қарор ҳукумат йиғилишида бир овоздан қабул қилинди. “Ҳизбаллоҳ” аъзоси бўлган икки вазир ҳам қарорни ëқлаб овоз берди.
Бизга шу нарса аниқки, Ливан армиясига ўз бурчини бажариш учун имкон бериш борасида мамлакатда илгари сира кўрилмаган даражадаги якдиллик ҳукмрон”,
- деди Ливаннинг БМТдаги вакили Ториқ Митри.

Исроил эса “Ҳизбаллоҳ”га қарши кураш янада кучайтирилишидан огоҳлантирмоқда.

Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт унинг назарида “Ҳизбаллоҳ” орқасида ким турганига яна бир бор ишора қилди.

“Сиз биз “Ҳизбаллоҳ” жангарилари билан курашмоқдамиз, деб ўйлашингизни биламан. Аммо фактларга назар солайлик. Исроил давлатига Эрон ва Сурия қарши турибди. Улар Исроилга шимолдан зарба бериш учун “Ҳизбаллоҳ”дан фойдаланмоқда”, - деди Э.Олмерт.

Халқаро ҳамжамият ва дипломатик доираларининг фаол ҳаракатларига қарамай, низолашаëтган томонларни муросага келтиришга уриниш ҳозирча барибир самара бермаётир.

8 август куни Ливан жанубидаги Бинт-Жбайл шаҳарчаси яқинида Исроилнинг бир ҳарбийси ўлди, беш аскари ярадор бўлди.

“Ҳизбаллоҳ” жангчилари бу ерга бостириб кирган Исроил ҳарбийларига қарата танкка қарши ракеталардан зарба берди. Бундан бир кун аввал айни шу ҳудудда уч яҳудий аскари ўлдирилган эди.

Айни пайтда Исроил ишғоли Жанубий Ливандаги тинч аҳоли ҳаëтини жаҳаннамга айлантиргани борасида хавотирлар янада жиддийроқ янграмоқда.

БМТ бош котиби Кофи Аннан Ливандаги Қана шаҳрининг бомбардимон қилиниши Исроил-Ливан тўқнашувида халқаро ҳуқуқ меъëрлари бузилаëтганига “яққол мисол” эканини таъкидлади.

30 июль куни Қана шаҳрида Исроил бомбардимони натижасида камида 28 тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган эди.

Кофи Аннан низолашаëтган томонларни қабул қилинган умуминсоний меъëрларга риоя қилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG