Линклар

Қирғизистон ҳукуматининг “мудҳиш хатоси”

  • Ҳурмат Бобожон

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги тергов изоляторида сақланаётган беш ўзбек қочқинининг Ўзбекистонга экстрадиция қилинганидан хавотир билдирди.

“Ушбу экстрадициядан биз ларзага келдик. Бу Қирғизистон ҳукумати йўл қўйган мудҳиш хатодир”, - деди комиссарлик вакиласи Ҳелен Коу.

Аввалроқ Қирғизистон Бош прокуратураси беш қочқин Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини тасдиқлаганди. Тошкент ҳукумати томонидан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланган Жаҳонгир Мақсудов, Ёқуб Тошбоев, Одилжон Раҳимов ва Расулжон Пирматов ва Фаёз Тожихалилов 9 август куни эрталаб Ўзбекистонга топширилган. БМТнинг қочқинлик мақомига эга бўлишига қарамай, тўрт қочқин ўтган йилнинг июнь ойида, бешинчи қочқин Ф.Тожихалилов эса сентябрда қўлга олинган эди.

“Бу, шубҳасиз, қочқинлар тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бузилишидир. Ушбу конвенцияни Қирғизистон ратификация қилган. Шу ҳужжатга асосан Бишкек ҳукумати қочқинларни қайтармаслик ҳақида мажбуриятлар олган”, - дейди Ҳелен Коу.

БМТнинг қочқинлар идораси ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари улар Ўзбекистонга берилган тақдирда қийноққа солиниши юзасидан хавотир билдириб, Бишкек ҳукуматидан уларни топширмасликни талаб этиб келаётган эди. Шунинг учун ҳозир қочқинларнинг кейинги тақдири борасида жиддий хавотир билдириляпти. Қочқинлар идораси Ўзбекистон ҳукуматидан улар билан учрашишга рухсат сўрамоқда.

“Ўзбекистон ҳукуматидан экстрадиция қилинган беш шахс билан учрашишга изн берилишини талаб этамиз. Улар ҳуқуқлари таъминлангани ва қийноққа солинмаганига амин бўлишимиз учун бу жуда муҳим”, - деди Ҳелен Коу.

Андижон воқеаларидан кейин БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ваколатхонаси Ўзбекистондан чиқариб юборилган эди. Бу эса ташкилотнинг ўзбек қочқинлари билан ишлашини янада мураккаблаштирган.
XS
SM
MD
LG