Линклар

logo-print

Ўшда сақланаётган ўзбекистонлик қочқинлар ҳозир қаерда?


Тўлқин Маълумотларга кўра, 9 август куни Қирғизистон ҳукумати Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган ва шу кунгача Ўшдаги тергов изоляторида сақланаётган 5 қочқинни махфий тарзда Ўзбекистонга қайтариб берган.

Мазкур қочқинлар ҳуқуқларини судларда ҳимоя қилган Қирғизистондаги “Адолат” ҳуқуқий клиникаси раҳбари Чолпон Жақупованинг маълум қилишича, Қирғизистон қочқинлар Жаҳонгир Мақсудов, Расул Пирматов, Одилжон Ёқубов, Ёқуб Тошбоев ва Фаёз Тожихалиловни 9 август куни тахминан кундуз соат 3 да Ўзбекистонга қайтариб берган.

“Биз уларнинг Ўзбекистонга қайтариб берилишидан хавотир олиб, кузатиб тургандик. Бироқ 4 қочқин иши бўйича аризамиз Женевадаги инсон ҳуқуқлари қўмитасида рўйхатга олингани боис биз хотиржам эдик. Чунки сентябрь ойигача, яъни то қарор чиқарилгунча қирғиз ҳукумати қочқинларни экстрадиция қилмайди, деган кўрсатма бор эди”, - дейди Ч.Жақупова.

Унинг таъкидлашича, ҳуқуқий клиника адвокатлари ҳар куни Ўшдаги тергов изоляторига бориб, қочқинлар ҳолидан хабар олиб турган. Бироқ 9 август куни изолятор хизматчилари қочқинлар йўқлиги, бешала қочқин ҳам олиб кетилганини айтган.

Бу маълумотни Қирғизистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Турсунбек Акун ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси ходими Масловский у билан мулоқотда қочқинлар 9 август куни “Дўстлик” чегара постида Ўзбекистонга бериб юборилганини маълум қилган.

Бироқ бу маълумотни Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Какчикеев ҳамда адлия вазири Марат Қаипов тасдиқламади. Какчикеевнинг билдиришича, Қирғизистон Бош прокурори Кунгантиев бу масала ҳозир кўриб чиқилаётганини айтган.
XS
SM
MD
LG