Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:49

Исроил Эрон ва Сурияга "ёпишди"


Исроил ва Ливан ўртасида қарийб бир ойдан буён давом этаётган қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган бир пайтда Исроил ушбу можаро ортида Эрон ва Сурия турганига кўпроқ урғу бермоқда.

Исроил ҳукумати Дамашқни Исроилга қарши урушда “Ҳизбаллоҳ” жангариларини қурол-аслаҳа билан бевосита таъминлаб келаëтганликда айбламоқда.

Вашингтондаги Никсон марказида ўтган йиғилишда Исроил армияси генерали Майкл Ҳерзог Дамашққа нисбатан иддаоларни яна бир бор такрорлади.

“Бугун Исроилдаги талофатлар пайдо бўлишига сабаб бўлаëтган нарса жуда такоммилашган ракеталардир. Ушбу ракеталар Россиядан Сурияга, Суриядан эса “Ҳизбаллоҳ”га узатилмоқда. Улар ўта такомиллашган қуроллардан фойдаланмоқда. Ушбу қуроллар танк ва денгиз пиëдаларига қарши ишлатилаётир”, - деди М.Ҳерзог.

Шу билан бирга, Исроил мамлакатнинг шимолий минтақаларига отилаëтган юзлаб ракеталарнинг айримлари Сурияда ишлаб чиқарилганини даъво қилмоқда.

М.Ҳерзог Сурия ҳукумати “Ҳизбаллоҳ”га хайрихоҳ эканини таъкидлади.

“Менимча, Сурия президенти Башар Асаднинг “Ҳизбаллоҳ”га нисбатан муносабати отасиникидан тамомила фарқ қилади. У “Ҳизбаллоҳ” ҳаракатининг етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ëқтиради. Шунинг учун у “Ҳизбаллоҳ”га Исроилга қарши курашда стратегик қурол сифатида қарайди. Сурия “Ҳизбаллоҳ”ни нафақат қурол-яроғ билан таъминламоқда, балки ўзи ишлаб чиқарган ракеталарни ҳам етказиб беряпти. Бугунги урушда биз айни ҳолатнинг гувоҳи бўляпмиз”, - деди генерал.

Унинг таъкидлашича, Суриянинг Ливан-Исроил можаросида иштирок этишдан ўзига яраша манфаати бор. Бу манфаат Жўлон тепаликларидир.

Исроил Жўлон тепалигини 1967 йилда Суриядан тортиб олган эди. Сурия ҳамон унинг қайтарилишини талаб қилиб келмоқда.

АҚШнинг Дамашқдаги собиқ элчиси Теодор Каттуф Суриянинг Ливан-Исроил можаросида иштирок этишига бошқа сабаблар ҳам борлигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, Сурия ҳукумати иккита омилга асосланиб қарор қабул қилади. Биринчи омил - қабул қилинаëтган қарорлар амалдаги режим позициясини кучайтиришга ëрдам берадими ва иккинчиси, бу қарорлар Суриянинг миллий хавфсизлик борасидаги минтақадаги салоҳиятини оширадими?

Т.Каттуфнинг айтишича, Дамашқ бугун мамлакат ичида араб миллий бошқаруви доирасига қарши ҳаракат қилмоқда. Ҳукуматнинг бугун Исроилга қарши муносабатлари боис ҳам Дамашқ ўзининг минтақадаги позициясини мустаҳкамлаб олмоқчи. Суриянинг Исроилга қарши урушда “Ҳизбаллоҳ”га кўрсатаëтган ëрдамидан ҳам Дамашқ, ҳам “Ҳизбаллоҳ” манфаатдор.

Сурия “Ҳизбаллоҳ”га бевосита ëрдам бераëтган бўлса, у айнан шундай ёрдам кўрсатишдан манфаатдор бўлган Эронга ҳам йўл очиб бераëтган бўлиши мумкин.

Сўнгги йилларда икки мамлакатнинг жангариларни қўллаб-қувватлаëтгани уларнинг муносабатларини ҳам яқинлаштиргани айтилади. Бунинг устига, икки мамлакат ҳамкорликда бир-бирини душманлардан ҳимоя қилиш ҳақидаги келишувни ҳам имзолаганини айтиб ўтиш лозим. И.Каттуфнинг таъбири билан айтганда, бу душманлар АҚШ ва Исроилдир.

М.Каттуф ҳозир Эрон “Ҳизбаллоҳ”нинг асосий ҳамкори ҳисобланишини билдирди.

“Бугун “Ҳизбаллоҳ”нинг Исроилга қарши урушида Сурия эмас, Эрон асосий ҳамкор ролини бажармоқда. Эрон бугун “Ҳизбаллоҳ”га кўпроқ таъсир ўтказяпти. Шундай бўлса-да, мен “Ҳизбаллоҳ” етакчиси Насруллоҳни бутунлай Эрон ëки Сурияга қарам одамга айланган, деб ҳисобламайман. Унинг минтақада ўзига яраша обрўси бор”, - дейди Т.Каттуф.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи тадқиқотчиси Карим Саджадпур Дамашқ Эрон-Сурия-“Ҳизбуллоҳ” учбурчакли иттифоқчилик муносабатларининг ўртаси эканини айтади.

Тадқиқотчи, шунингдек, “Ҳизбаллоҳ” етакчиси Ҳасан Нарсуллоҳнинг “2006 йил маҳбуслар йили ҳисобланиши” ҳақидаги гапларини ëд олади. Шунинг учун ҳам “Ҳизбаллоҳ” Исроил армиясининг икки ҳарбийсини асирга олиб, уларни қўйиб юбориш эвазига Исроилдан ўз ҳудудидаги араб ва мусулмон маҳбусларни озод қилишни талаб қилган эди.

К.Саджадпурнинг билдиришича, бугун Вашингтоннинг асосий мақсади минтақа хавфсизлигига таҳдид солаëтгани айтилаëтган Эрон-Сурия-“Ҳизбаллоҳ” иттифоқини синдиришдир.

“Иттифоқчиликни бузиш учун Эронга яқинлашамизми ëки Суриягами? Бу Вашингтонни ўйлантираëтган саволлардан биридир. Бугун Дамашқ билан Вашингтон ва Теҳрон билан Вашингтон муносабатлари шу даражада пасайиб кетганки, давлатлар бир-бирларига ишонмай қўйган. Шунинг учун ҳам Сурия бугун Эронни ëки аксинча, Эрон Сурияни АҚШга сотиб бермайди”, - дейди тадқиқотчи.

Ҳозирча АҚШ президенти Жорж Буш Сурия раҳбарлари билан учрашишдан бош тортган.

Эрон раҳбарининг эса позицияси аллақачон маълум. Унинг президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Исроилнинг ер харитасидан умуман ўчирилиб ташланишини истайди.
XS
SM
MD
LG