Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:45

Янги қарор газ таъминотини яхшилайдими?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, газ тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш соҳасида ягона шакллантириш, республика истеъмолчиларига табиий газни етказиб бериш ва сотиш бўйича самарали бошқарув тизимини яратиш, шунингдек, табиий газдан оқилона фойдаланиш ва газ учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида ҳудудий газ таъминоти корхоналари “Ўзкоммунхизмат“ агентлиги таркибидан “Ўзбекнефтгаз“ миллий холдинг компанияси таркибидаги “Ўзтрансгаз”га ўтказилди.

“Республикамизда газ таъминотини яхшилаш, аҳоли, корхона-ташкилотларни газ билан таъминлашни яхшилаш мақсадида “Ўзкоммунхизмат”нинг газ таъминоти соҳаси “Ўзбекнефтгаз”га ўтди. Газни етказиб берадиган ҳам, сотадиган ҳам битта одам бўлса, аҳолининг турмуши яхшиланса керак, деб ўйлайман”, - дейди қарор юзасидан “Озодлик” радиосига изоҳ берган “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот хизмати ходими Собиржон Салимов.

Қарорда, шунингдек, барча тоифадаги истеъмолчиларни газ билан таъминлаш учун ҳудудий газ таъминоти корхоналари негизида “Ўзтрансгаз”нинг унитар корхоналари шаклида 6 та ҳудудлараро корхона ташкил этиш мақсад қилинган. Бу орқали республика истеъмолчиларига табиий газ етказиб бериш ва сотиш бўйича ягона технологик тизимни яратиш кўзда тутилган. Ҳудудлараро газ таъминоти корхоналарига “Ўзтрансгаз”нинг шартнома топшириғи асосида газ тақсимлаш тармоқларини ишлатиш ва табиий газни сотиш бўйича ваколатлар бериш кўрсатилган.

Қарорда “Ўзтрансгаз”нинг вазифалари магистрал газ қувурлари, компрессор станциялари, ер ости газ омборлари, газ тақсимлаш тармоқлари ва ускуналарини ишлатишда хавфсизлик қоидаларининг меъëрий талабларига амал қилган ҳолда республика истеъмолчиларини белгиланган тартибда табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш экани белгиланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолини табиий газ билан таъминлашда тўхтовсиз узилишлар бўлаётгани кўпчиликка сир эмас. Одамлар овқат қилиш, уй иситишда, асосан, ўтиндан фойдаланишга ўта бошлаганди.
Хўш, президентнинг бу қарори вилоятлардаги газ танқислиги билан боғлиқ муаммонинг олди олинишига туртки бўладими?

“Бундан буëғига аниқ ҳисоб-китоблар қилинади. Масалан¸ Андижон вилоятини оладиган бўлсак, унинг эҳтиëжи бунча, бошқа вилоятники бунча, деб ҳисоб-китоб қилинади. Илгари бюрократик тизим бор эди. “Ўзкоммунхизмат” (газ масаласида) “Ўзбекнефтгаз”га чиқарарди, у ҳукуматга чиқиб¸ кейин ажратиш масаласи кўрилар эди. Ҳозир эса агар газ етишмаëтган бўлса¸ уни тақсимлаш ишлари яхшироқ бўлади. Илгари, шунингдек¸ газ тежаш масаласи билан ҳам ҳеч ким шуғулланмас эди, эндиликда эса бу билан ҳам шуғулланишади”, - дейди “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати ходими С.Салимов.

Унинг таъкидлашича, ҳукуматнинг бу қарорини халқ, шунингдек, ташкилотлар ҳам анчадан буëн кутаëтган эди.

“Буни ижобий қадам, деб баҳолашимиз лозим. Асосий мақсад халқнинг турмуши фаровон бўлишига қаратилган”, - дейди С.Салимов.

Янги қарорда экспортга газ етказиб бериш ҳажмини ошириш ва уни ташиш бўйича кўрсатилаëтган хизматларни кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG