Линклар

Исроил ҳарбий кучлари ҳаводан туриб, Ливан пойтахти Байрутнинг жанубий қисмида яшовчи аҳолини ўз уйларини ташлаб чиқиш зарурати борлигидан огоҳлантирди.


Бугун Исроил ҳарбий самолётлари ана шу огоҳлантириш битилган варақаларни ташлади. Ҳарбий қўмондонликка кўра, яқин кунларда Байрут яқинида ҳарбий юриш бошланиши эҳтимоли бор. Исроил ҳарбий разведкаси бу ҳудудда Ҳизбуллоҳнинг таянч нуқталари бор, деб ҳисобламоқда.
Бироқ, ҳозирча, Исроил томони ўз ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиб туришини эълон қилди. Мамлакат расмийлари буни “тинчлик барқарорлигига эришиш учун дипломатларга имкон бериш” мақсади билан изоҳламоқда.
Исроил Вазирлар Маҳкамаси расмийси Марк Регев бу борада шундай баён қилди:
“Кейинги ҳарбий амалиётни ўтказиш муддатини Исроил Бош вазири белгилайди. Албатта, биз БМТ Хавфсизлик кенгашида бораётган мунозараларни ҳам диққат билан кузатиб борамиз. Агар халқаро ҳамжамият БМТ нинг Ливанга доир резолюциясини амалга ошириш бўйича муайян чораларни кўрадиган бўлса, табиий, Исроил ҳарбий ҳаракатларига ўрин қолмайди”, - деди Исроил ҳукумати расмийси.
Бугун эрталаб Исроил ҳарбий кучларининг артиллерия қўшини билан ихоталанган зирҳли техника сафи Ливан ҳудуди бўйлаб, яна тахминан 10 километрга ичкарилади. Бу ҳаракатлар давомида уларга Ҳизбуллоҳ гуруҳи кескин қаршилик кўрсатиб турди.
Кеча Исроил ҳукумати Ливан ҳудудида ҳарбийларнинг пиёда амалиётини янада кенгайтириш режасини маъқуллади. Режага кўра, Исроил армияси Ливаннинг Исроилга чегарадош ҳудудидининг Литания дарёсигача бўлган қисмини ўз назоратига олиши керак.
АҚШ ҳукумати ҳарбий ҳаракатлар авж олишини кескин қоралар экан, бунда ҳар икки томон ҳам айбдор, деб таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG