Линклар

АҚШ Ўзбекистонга янгича муносабатларни таклиф қилди

  • Алишер Сиддиқ

"Ўзбекистон билан муносабатларимиз ёмонлашган тақдирда жиддий чоралар учун тайёргарлик кўрган эдик. Келажакда бундай чораларга мажбур бўлишимиз мумкин".

Тошкентда журналистлар билан учрашган АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Ричард Баучер шундай баёнот берди.
Бироқ Р.Баучер Ўзбекистонга қилган икки кунлик сафаридан кўзланган мақсад расмий Тошкентга босим ўтказиш эмас, балки ҳамкорликни давом эттириш учун ўзаро ишончни қайта тиклашдан иборат эканини билдирди.

АҚШнинг юқори мартабали дипломатини қабул қилган президент Ислом Каримов унга қарата: “Узоқ танаффусдан сўнг қилган ташрифингиз муносабатларимизни ривожлантиришга имкон беради”, - деди.

Р.Баучернинг Ўзбекистонга бу ташрифи Андижон воқеаларидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар таназзулга юз тутган бир вақтга тўғри келди.

Р.Баучернинг таъкидлашича, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар давомий тарзда муаммоларга дуч келмоқда.

Ўзбекистон билан муносабати ёмонлашган тақдирда АҚШ жиддий чора кўришга тайёр эканини айтган Р.Баучер қандай чоралар назарда тутилаётганига аниқлик киритмади.

АҚШ мулозимининг президент И.Каримов билан учрашуви икки ярим соат давом этди. Музокарада АҚШ томони ҳамкорликни давом эттириш учун янги асосларни белгилаб олиш таклифи билан чиқди.

“Биз хавфсизлик масалаларида, террорчиликка ва гиёҳвандлик моддаларнинг тарқалишига қарши кураш борасида муштарак манфаатларга эгамиз. Биз бу жамият фойдаси учун иқтисодий ва сиёсий ривожланишдан манфаатдормиз”, – деди Р.Баучер.

Бироқ минтақадаги асосий иттифоқчисидан айрилган АҚШ Ўзбекистон Россия билан жуда яқинлашиб, мустақил сиёсат юритиш қобилиятини йўқотиб бораётганидан хавотирда эканга ўхшайди.

“Биз бу ерга ўйин қилиш учун келганимиз йўқ. Бу ерда бошқа кучлар билан рақобат қилишга ҳаракат қилаётганимиз ҳам йўқ. Ўзбекистон Россия, Хитой, Европа давлатлари билан алоқаларни давом эттиради, деб ўйлаймиз. Аммо биз Ўзбекистонга бу борада бошқа имкониятларни топишга ёрдам бера олишимиз мумкин. Ташқи сиёсатда давлат қанчалик кўп имкониятларга эга бўлса, шунчалик кўп мустақилликка ҳам эга бўлади”, – деди Р.Баучер.


У И.Каримовга расмий Вашингтон хавотирларини ҳам етказган. Ўзбекистонда бирин-кетин ёпилаётган АҚШ нодавлат ташкилотлари масаласи ҳам мулоқотлар кун тартибидан ўрин олди.

Бироқ Р.Баучернинг президент И.Каримов томонидан қабул қилиниши расмий Тошкент Америка учун ҳали ҳам барча эшикларни ёпиб қўймаганини кўрсатади.

“АҚШ бу ердаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан хавотирда. Бундан Ўзбекистон томони хабардор. Андижонда содир бўлган воқеалар юзасидан ҳам турли қарашларга эгамиз. Аммо бизнинг ишонишимизча, муштарак манфаатларни топиш учун қандайдир асосларимиз сақланиб қолган”, - деди Р.Баучер.


Инқироз ёқасига олиб келинган “Зарафшон-Ньюмонт” тилла қазиб чиқариш корхонасининг тақдири борасида сўралганда АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси бугунги кунда Америка корхоналари Ўзбекистонда қийинчилик билан фаолият юритаётганини тан олди. Унинг фикрича, бундай вазият сармоядорларнинг мамлакатга бўлган қизиқишини пасайтиради.

Р.Баучернинг ташрифи ҳозирча икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашишига ишора қилувчи натижаларга олиб келмади.


Икки давлат ўртасидаги энг илиқ муносабатлар АҚШга қарши 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларидан сўнг ўрнатилган эди. Бироқ террорчиликка қарши уруш мақсадида авторитар давлатлар билан иттифоқчилик муносабатлари ўрнатганликда айбланган Жорж Буш маъмурияти жамоатчилик босими остида қолаётганди.

2005 йил 13 май куни Андижонда ғалаённинг қонли бостирилиши ортидан Буш маъмурияти Ўзбекистон ҳукуматини ортиқча қўллаб-қувватлай олмади ҳамда бу воқеалар юзасидан халқаро ва мустақил тергов ўтказиш чақириқларига қўшилди. Президент И.Каримов эса Андижон воқеаларида Ғарбнинг қўли борлигини айтса ҳам мустақил тергов ўтказишга розилик бермади.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда демократик жараёнлар суст ва кўп ҳолларда орқага қараб кетаётган бир вазиятда АҚШ Ўзбекистон билан узоқ муддатли иттифоқчиликни таъминлашга қодир эмас эди.

Марказий Осиё давлатлари бўйича Америкадаги етакчи мутахассис Марта Брил Олкот давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши фақатгина Ўзбекистон раҳбариятига боғлиқ бўлиб қолади, деб ҳисоблайди.

“Ўзбекистон томони ўз сиёсатини ўзгартирмас экан, АҚШ ҳам ўз сиёсатини ўзгартирмайди. АҚШ устивор ҳисобланган қадриятларга содиқ қолади. Эҳтимол яқин келажакда Ўзбекистон ва АҚШ бир-биридан узоқроқда яшашни давом эттираверади”, – дейди Марта Брил Олкот.
XS
SM
MD
LG