Линклар

logo-print

Халқаро федерация Ихтиёрнинг ҳимоясига отланди

  • Ҳурмат Бобожон

Буюк Британия ҳукуматининг маълум қилишича, мамлакат полицияси бир неча самолётни парвоз вақтида портлатиш кўзланган террорчилик ҳаракатининг олдини олган.

Буюк Британия полицияси сўнгги бир неча ой ичида олиб борилган махсус операция давомида шаксиз кутилган террорчилик ҳаракати бартараф қилинганини таъкидламоқда. Ички ишлар вазири Жон Рейднинг билдиришича, мамлакат учун террор хавфи “жиддий”лик кўрсаткичидан “ўта хавфли” даражага кўтарилган.

“Полиция мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг тўла назорати остида кенг кўламли аксилтеррор амалиётни ўтказди. Амалиётдан мақсад Буюк Британия ва итифоқдошларига хавф солиб турган йирик террорчилик ҳужумининг олдини олишдир. Полициянинг ишончи комил, бу ерда террорчилик режаси бўлган ва ҳақиқатда ҳам жуда хавфли режа бўлган”, - деди ички ишлар вазири.

Мамлакат полицияси тахминича, террорчи гуруҳ бир неча самолётни портлатишни кўзлаган ва бунинг учун мамлакат ичида туриб ҳозирлик кўрган. Террорчилар портловчи моддаларни қўл сумкаларига жойлаб, асосан, Буюк Британиядан АҚШга парвоз қилувчи самолётларга олиб чиқишга уринган.

Лондон полицияси расмийси Пол Стивенсоннинг айтишича, Буюк Британиядан АҚШга учувчи самолётларни портлатишни кўзлаган террорчи гуруҳ режаси амалга ошганда оддий аҳолидан кўп сонли қурбон берилиши мумкин эди.

“Бу террорчилик режаси ўта жиддий уюштирилганини таъкидламасдан иложимиз йўқ. Режада тасаввур қилиш қийин кўламда оммавий қотиллик кўзланган”, - деди Пол Стивенсон.

Буюк Британия расмийлари мамлакат ўта юқори террор хавфи остида қолаётганини эълон қилди ва аэропортларда хавфсизлик чораларини максимал даражада кучайтирди. Хусусан, ҳаво лайнерларига қўл сумкаларини олиб чиқиш тақиқланди.

Буюк Британия полицияси террорга қарши кураш бўлими бошлиғи Питер Кларкнинг маълум қилишича, террорчилик актини қачон амалга ошириш режалаштирилгани ҳали номаълум.

“Тергов тахминларига кўра, портловчи мосламалар Буюк Британияда тайёрланиши ва мамлакат аэропортлари орқали самолётларга олиб чиқилиши керак эди. Қанча ва қайси йўналишлардаги самолётлар кўзлангани ҳамда уларни портлатиш қачонга режалаштирилгани тергов давомида аниқланади”, - деди П.Кларк.

Ҳозирча жиноий гуруҳга алоқадорликда гумон қилиниб 21 киши қўлга олинган ва мамлакат бўйлаб қидирув яна давом этмоқда.

“British Airways” компанияси теракт хавфи туфайли айрим парвозларни тўхтатиб турибди. Буюк Британия транспорт вазири Дуглас Александрнинг сўзларига кўра, бундан парвозлар хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилган.

У мамлакат авиакомпанияларида кўрилаётган қўшимча хавфсизлик чоралари ҳақида гапириб: “Мамлакатдаги барча аэропортлар ва авиакомпаниялар Буюк Британияга йўналган ва бу ердан учиб кетувчи рейслар чоғида кучайтирилган тартибда барча хавфсизлик чораларини кўриш тўғрисида огоҳлантирилган. Биз парвозлар хавфсизлигини энг юқори даражада таъминлаш ва йўловчилар кўзлаган манзилига тинч-омон етиб олиши учун шундай қарор қабул қилдик”, - деди.

Хавфсизлик чора-тадбирларининг кучайтирилиши Буюк Британия аэропортларида йўловчиларининг хавотири ва тартибсизлигига олиб келди. Ҳозир аэропортларнинг қайддан ўтиш бўлимлари ва аэропортларга элтувчи йўлларда тирбандликни кузатиш мумкин.

Лондондаги энг йирик “Ҳитроу” аэропорти эса кейинги парвозларни вақтинча тўхтатганини маълум қилди.

Интерпол Буюк Британия махсус хизматларини шу қадар катта террорчилик акти олдини олгани билан қутлади ва ўз тажрибаси билан бошқа мамлакатларни ҳам таништиришга чақирди. Интерпол бош котиби Роналд Нобл бу тажриба террор хавфи кутилаётган мамлакатлар учун жуда муҳимлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG